Қозоғистон Россиянинг ЕТБдаги бир қанча улушини сотиб олмоқчи
Қозоғистон молия вазири Ерулан Жамаубаев Қозоғистон Евроосиё тараққиёт банкидаги Россия улушининг бир қисмини сотиб олишдан манфаатдор эканини айтди. «Умуман, шундай гаплар бор, биз буни инкор этмаймиз. Аммо ҳозирча якуний қарор йўқ», — дейди у.
Қозоғистон Россиянинг Евроосиё тараққиёт банкидаги (ЕТБ) улушининг бир қисмини сотиб олишдан манфаатдор. Бу ҳақда Қозоғистон молия вазири Ерулан Жамаубаев маълум қилди.
Қайд этилишича, келишув муҳокама қилинаётганига қарамай, харид бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинмаган.
«Умуман, шундай гаплар бор, биз буни инкор этмаймиз. Бу, албатта, иш муҳитида муҳокама қилинади. Аммо ҳозирча якуний қарор йўқ, чунки ҳаммаси қандай акция таклиф қилинишига, бошқа давлатлар, жумладан Қозоғистон ҳам маълум акцияни сотиб олишга тайёрми ёки бу молиявий нуқтаи назардан қанчалик қиммат бўлишига боғлиқ», — дейди вазир.
Унинг аниқлик киритишича, ЕТБ ҳозир барқарор ишламоқда ва банкка санкциялар босимидан деярли таъсир кўрсатмаган.
Ҳозирда банк портфелининг 36 фоизи Қозоғистон, 39 фоизи Россия, 23 фоизи Беларусь ҳиссасига тўғри келади. ЕТБнинг ҳозирги портфели 4,4 миллиард долларни ташкил этади.
Bloomberg 9 август куни манбаларига таяниб, Россия банк санкциялар остида қолмаслиги учун ЕТБдаги улушини назорат остидаги Қозоғистон фойдасига камайтириш ниятида эканини маълум қилганди.
Банк матбуот хизмати ўшанда вазиятга изоҳ беришдан бош тортганди.
ЕТБ ҳақида
Евроосиё тараққиёт банки ўз аъзо давлатларининг иқтисодий ўсишига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган халқаро ташкилотдир.
Унга Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон аъзолари киради.
Банк устав капиталида Россия 66 фоиз, Қозоғистон 33 фоиз, Беларусь 1 фоиз улушга эга, бошқа мамлакатларнинг улуши бундан ҳам камроқ.