S&P Украинанинг хорижий валютадаги узоқ муддатли рейтингини SD (танланган дефолт) дан CCC+ га кўтарди. Қарор Украина қарзини реструктуризация қилиш якунлангани муносабати билан қабул қилинган.
Қисқа муддатли хорижий валюта рейтинги SD’дан C’га кўтарилди. Миллий валютанинг суверен рейтинглари CCC+ ва C даражасида тасдиқланди. Узоқ муддатли рейтинглар прогнози — барқарор.
S&P ва Fitch ўтган ҳафта Украина рейтингини мос равишда SD ва RD (танланган дефолт ва чекланган дефолт)га туширганди.
Агентликлар расмийлар евробонд эгалари билан давлат қарзи бўйича тўловларни 24 ойга кечиктиришга келишиб, дефолтга йўл қўйган деб ҳисоблади.
Шу ҳафта бошида Fitch ўз прогнозини CC’га оширди. Агентлик буни қарзни реструктуризация қилиш жараёни тугагани билан ҳам изоҳлади.
Май ойида ҳам S&P Украинанинг хорижий валютадаги узоқ ва қисқа муддатли кредит рейтингларини пасайтирганди. Узоқ муддатли рейтинг В- дан (молиявий мажбуриятлар бажарилган) ССС+ га (тўловларни амалга оширмаслик хавфи) туширилганди.


