Асосий мазмунга ўтиш
10август · Душанба USD 11 952,10 ▲ +0,3% EUR 13 779,58 ▲ +0,2% RUB 145,21 ▼ −0,7% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

БМТ Африка шохида миллионлаб одамлар очликдан ўлиш хавфидан огоҳлантирди

БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури Эфиопия, Кения ва Сомалида 22 млн нафарга яқин одам очлик ёқасида турганини маълум қилди. Минтақа мамлакатларида чорва моллари нобуд бўлмоқда.

Африка шохида (Эфиопия, Кения ва Сомали) давом этаётган қурғоқчилик туфайли 22 миллионга яқин аҳоли очлик ёқасида турибди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) маълум қилди.

WFP маълумотларига кўра, минтақа мамлакатларида чорва моллари нобуд бўлмоқда, аҳоли ўткир сув танқислигини бошдан кечирмоқда. Шунингдек, 1,1 миллиондан ортиқ одам ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

«Йил бошидан бери Эфиопия, Кения, Сомалида яна 9 миллион киши озиқ-овқат танқислигидан азият чекди. 22 миллион киши ўзини етарли озиқ-овқат билан таъминлаш муаммосига дуч келмоқда», дейилади баёнотда.

Ташкилотнинг таъкидлашича, минтақада қурғоқчилик ҳали тугамагани сабабли келгуси олти ойда маҳаллий аҳолининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондириш учун яна 418 миллион долларга яқин маблағ керак

Июль ойи бошида БМТ Россиянинг Украинага босқини туфайли бу йил дунёда 13 миллионга яқин одам қўшимча равишда тўйиб овқатланмаслик муаммосига дуч келишини прогноз қилган эди.

Янгиланган маълумотларга кўра, 2030 йилда ҳам 670 миллиондан ортиқ одам очликни бошдан кечириши мумкин.

WFP веб-сайтидаги маълумотларга кўра, ҳозирда дунёда 345 миллион киши озиқ-овқат етишмовчилигига дуч келмоқда ва 800 миллиондан ортиқ киши ҳар кеча оч ухлаб ётади.

Ташкилотга кўра, очликнинг асосий сабаблари: ҳарбий можаролар, иқлим шоклари, COVID-19 пандемиясининг оқибатлари ва бошқалар.

Аввалроқ Германия иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт вазири Свенья Шульце СOVID-19 пандемияси, қурғоқчилик ва Украинадаги воқеалар оқибатлари глобал озиқ-овқат муаммосини янада кучайтириши мумкинлигини айтганди.