Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Ягона электрон платформадаги кредит аризаларининг 57 фоиз қайтарилди

Ягона электрон платформа орқали ўзини ўзи банд қилиш, турли хил кичик ишлаб чиқариш ҳамда хизматлар кўрсатиш фаолиятини ташкил этиш мақсадида кредит олиш бўйича келиб тушган 595 мингдан ортиқ аризанинг 57 фоизи асослантирилган ҳолда қайтарилди. Бунга фаолият тури бўйича шарт-шароитлар ва имконият етарли эмаслиги, зарур кўникмага эга бўлмаганлик сабаб бўлган.

Ягона электрон платформа орқали кредит олиш бўйича келиб тушган 595 мингдан ортиқ аризанинг 57 фоизи асослантирилган ҳолда қайтарилди. Бу ҳақда Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Марказий банк департамент масъул ходими Феруз Эрматов маълум қилди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Президентнинг 2021 йил 20 декабрдаги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 июлдаги қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида Ягона электрон платформа («oilakredit.uz») орқали ўзини ўзи банд қилиш, турли хил кичик ишлаб чиқариш ҳамда хизматлар кўрсатиш фаолиятини ташкил этиш (ривожлантириш) мақсадларига кредитлар ажратиляпти.

Бунда кредит аризасини топширишдан маҳсулот етказиб бериш (хизмат кўрсатиш)гача бўлган барча жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда Ягона электрон платформа орқали (СМС-хабарнома, электрон почта, телеграм-бот ва шахсий кабинет асосида) амалга оширилади.

Ҳозирда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан кредит олиш мақсадида келиб тушган 595 мингдан ортиқ ёки 18,1 триллион сўм миқдоридаги аризалар ҳоким ёрдамчилари томонидан ўрганиб чиқилиб, аризаларнинг 57 фоизи, яъни 302 мингдан ортиғи ёки 10,4 триллион сўмлик қисми қайтарилган.

Уларнинг қайтарилишига, дастлабки мониторингда фаолият тури бўйича шарт-шароитлари ва имконият етарли эмаслиги, зарур кўникмага эга бўлмаганлик сабаб бўлган.

Қайд этилишича, 2021 йил январь-июль ойларида аҳолидан келиб тушган аризаларнинг атиги 19 фоизи сектор раҳбарлари ва маҳалла фуқаролари йиғини раислари томонидан рад этилган.

Шу билан бирга, маҳсулот ва асбоб-ускуналарни етказиб бериш ҳамда хизматлар кўрсатишда марказлашган таъминот тизимидан воз кечиб, электрон савдо майдони орқали уларни харид қилишда эркин танлов ва рақобат муҳитини ўз ичига олган «Маркетплейс» эркин савдо майдони («smart-market.uz») ишга туширилган.

Хусусан, кредит олувчилар ўзлари платформадаги мавжуд маҳсулот, асбоб-ускуна, хизматлар нархлари ва хусусиятларини таққослаб, мустақил равишда танлаш имконига эга бўлган ҳамда ҳужжатларни (олди-сотди шартномасини тузиш, маҳсулот қабул қилиш далолатномасини имзолаш, кредит маблағини сотувчига ўтказишга топшириқ бериш) электрон тарзда расмийлаштирмоқда.

Электрон савдо майдонида барча маҳсулот етказиб берувчи корхоналар томонидан маҳсулот, асбоб-ускуна ва хизматларни сотиш бўйича таклифлар эркин жойлаштирилади.

Айтилишича, ҳозирда бу савдо майдонида рўйхатдан ўтган ҳолда маҳсулот ва хизматларни таклиф этаётган тадбиркорлик субъектлари сони 15,5 мингдан ортиқни, улар томонидан иссиқхона қуриш, боғдорчилик, чорвачилик, қуёнчилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа йўналишларда жойлаштирилган таклифлар сони қарийб 148 мингтани ташкил этган.

Маълум бўлишича, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида Ягона электрон платформа орқали белгиланган ҳужжатларни расмийлаштиришда:

Кредит олувчи:

  • тижорат банки билан кредит шартномаси тузилгандан сўнг 15 иш куни ичида маркетплейс тизимида маҳсулот етказиб берувчи билан маҳсулот ва хизматларни етказиб бериш тўғрисида шартнома тузиб, электрон рақамли имзо билан тасдиқлаши;
  • товарлар шартнома тузилган кундан бошлаб 10 кундан (хизматлар эса 20 кун) ортиқ бўлмаган муддатда етказиб берилишини маҳсулот етказиб берувчидан талаб қилиши;

Маҳсулот етказиб берувчи эса

  • кредит олувчига маркетплейс тизимида танлаган товарлар шартнома тузилган кундан бошлаб 10 кундан (хизматлар эса 20 кун) ортиқ бўлмаган муддатда етказиб берилишини таъминлаши зарур.

Қайд этилишича, Ягона электрон платформа орқали 2022 йил давомида (10 август ҳолатига) аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг 250 мингтадан ортиқ лойиҳаларига жами 6 триллион сўм кредит маблағлари ажратилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада ажратилиши хабар қилинганди. Унга кўра, 2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида мақсадли жамғармалар ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ресурслари банкларга йиллик 10 фоизда жойлаштирилади.