Москва биржасида 12 сентябрдан Ўзбекистон сўми-Россия рубли валюта жуфтлиги савдолари бошланади. Бу ҳақда савдо майдончаси сайтидаги хабарда маълум қилинди.
«Ўзбекистон сўми-Россия рубли» валюта жуфтлиги «бугун» ва «эртага» ҳисоб-китоблари билан спот бозорда сотилади.
«Шунингдек, бир кеча-кундузда своп операциялари савдо иштирокчилари ва уларнинг мижозлари учун мавжуд бўлади», дейилади Москва биржаси хабарида.
Июнь ойининг охирида биржа арман драм ва Жанубий Африка рандида Россия рубли ва АҚШ доллари билан валюта жуфтликларида савдони бошлаганди. Шу билан бирга, савдо майдончаси БАА дирҳамида савдолар бошланганини эълон қилди.
Аввалроқ Москва биржаси валюта бозорида 27 июндан Ўзбекистон сўми, Арманистон драми ва Жанубий Африка ранди бўйича савдолар бошланиши ҳақида хабар берганди.
Лекин кейинчалик биржа фақатгина Арманистон драми ва Жанубий Африка ранди билан савдоларни йўлга қўйди.


