Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг байрам кунларидаги экспорт-импорт ҳажми маълум қилинди
Ўзбекистонда 1-4 сентябрь кунлари 11,6 миллиион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди. Шунингдек, 103 минг долларлик маҳсулот импорти амалга оширилди. Ушбу даврда бозорлардаги асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархида ўзгариш бўлмади.
Ўзбекистонда сентябрнинг дастлабки 4 кунида асосий қишлоқ хўжалиги ва гўшт маҳсулотларининг экспорт-импорт ҳажми таҳлил қилинди. Бу бўйича Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ахборот хизмати маълумот берди.
Қайд этилишича, ушбу давр мобайнида бозорда асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархларида ўзгариш кузатилмаган.
Давлат божхона қўмитасининг тезкор маълумотларига асосан, жорий йил 1–4 сентябрь кунлари умумий қиймати 11,7 млн.долларлик (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,8 ммиллион доллар кўп) жами 16 минг тонна (2,3 минг тонна кўп) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти амалга оширилган.
Хусусан, мазкур даврда 7,6 минг тонна узум, 1,8 минг тонна қовун, 1,2 минг тонна пиёз, 0,6 минг тоннадан нок ва ловия, 0,5 минг тонна сабзи, 0,4 минг тоннадан хурмо, олхўри, анор ташқи бозорларга етказиб берилган.
Шунингдек, ушбу давр мобайнида 103 минг доллар (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36,5 минг доллар кўп) қийматдаги жами 141 тонна (88,6 тонна кўп) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан 40,7 тонна лимон, 37,4 минг тонна банан, 6,8 тонна олма импорт қилинган.
Тезкор маълумотларга асосан, «Қўйлиқ» бозорига 1–4 сентябрь кунлари ҳудудлардан жами 3,6 минг тонна, хусусан, 1,5 минг тонна картошка, 1,6 минг тонна пиёз, 84 тонна карам ва 389 тонна сабзи келтирилган.
Хусусан, ҳудудлар ва маҳсулотлар кесимида таҳлил қилинганда:
- Самарқанддан 1 010 тонна ва Намангандан 91 тонна картошка;
- Тошкент вилоятидан 893 тонна, Жиззахдан 586 тонна ва Самарқанддан 45 тонна пиёз;
- Тошкент вилоятидан 84 тонна карам;
- Тошкент вилоятидан 138 тонна, Сурхондарёдан 63 тонна, Сирдарёдан 52 тонна, Фарғонадан 46 тонна, Андижондан 42 тонна, Қашқадарёдан 25 тонна ва Жиззахдан 23 тонна сабзи етказиб берилган.
Шунингдек, «Қўйлиқ» бозорига Қозоғистондан 443 тонна картошка ва 32 тонна пиёз келтирилган.
Шу билан бирга, ҳудудлардан «Чорсу» деҳқон бозорига 1–4 сентябрь кунлари жами 36,5 тонна, шу жумладан 29,9 тонна мол гўшти ва 6,6 тонна қўй гўшти келтириб сотилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги август ойининг биринчи ярмида бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархларидаги ўзгариш ҳақида маълумот берганди.