Ўзбекистон бозорларидаги нархлар: нима арзонлашиб, нималар қимматлашди?
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги нархлар бўйича таҳлил эълон қилди. Августнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга 4,8 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорт қилинган.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги 1–14 август кунлари давомида асосий турдаги қишлоқ хўжалиги ва гўшт маҳсулотларининг улгуржи нархлари ўзгариши юзасидан таҳлилий маълумот эълон қилди.
Маълум бўлишича, бу даврда бозорда пиёз 350 сўмга, саримсоқ пиёз минг сўмга, булғор қалампири 2 минг сўмга ва узум 9 минг сўмга арзонлаган. Шу билан бирга, банан 2,5 минг сўмга, апельсин 1,5 минг сўмга ва қовун 6,5 минг сўмга қимматлаган.
Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 1–14 август кунлари умумий қиймати 48,6 миллион долларлик (2021 йилнинг мос даврига нисбатан 18 миллион долларга кўп) жами 62,9 минг тонна (17 минг тонна кўп) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинган.
Хусусан, мазкур даврда 15,4 минг тонна узум, 9,5 минг тонна қовун, 6,6 минг тонна олхўри, 4,4 минг тонна ловия, 3,4 минг тонна анжир, 2,4 минг тонна тарвуз, 1,4 минг тонна қуритилган мева, 1,3 минг тонна сабзи, 1,1 минг тонна майиз 1,0 минг тонна шафтоли ташқи бозорларга етказиб берилган.
Шунингдек, бу даврда 3,5 миллион АҚШ доллар (2021 йилнинг мос даврига нисбатан 0,9 миллион долларга кўп) қийматдаги жами 4,8 минг тонна (2,1 минг тонна кўп) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан 2 минг тонна банан, 0,8 минг тонна картошка ва 135 тонна лимон импорт қилинган.
«Қўйлиқ» бозорига 1–14 август кунлари ҳудудлардан жами 13,6 минг тонна, хусусан, 5,1 минг тонна картошка, 6,4 минг тонна пиёз, 480 тонна карам ва 1,7 минг тонна сабзи келтирилган.
Хусусан:
- Самарқанддан 4 минг 590 тонна, Тошкент вилоятидан 357 тонна, Намангандан 81 тонна картошка;
- Жиззахдан 3 минг 169 тонна, Тошкент вилоятидан 2 минг 844 тонна, Самарқанддан 238 тонна ва Намангандан 145 тонна пиёз;
- Тошкент вилоятидан 480 тонна карам;
- Тошкент вилоятидан 548 тонна, Андижондан 334 тонна, Сирдарёдан 212 тонна, Сурхондарёдан 189 тонна, Қашқадарёдан 172 тонна, Жиззахдан 128 тонна ва Фарғонадан 106 тонна сабзи етказиб берилган.
Шунингдек, «Қўйлиқ» бозорига Қозоғистон Республикасидан 22 тонна картошка келтирилган.
Бундан ташқари, ҳудудлардан «Чорсу» деҳқон бозорига 1–14 август кунлари жами 161,9 тонна, шу жумладан 140,4 тонна мол гўшти ва 21,5 тонна қўй гўшти келтириб сотилган.
Аввалроқ Ўзбекистон бозорларида июль ойида нима арзонлашиб, нималар қимматлашгани бўйича маълумот берилганди. Унга кўра, бу даврда бозорда булғор қалампири (қизил) 11 минг 250 сўмга, банан 5 минг сўмга, апельсин 4 минг сўмга, мандарин ва олма 2 минг 500 сўмга, бақлажон 400 сўмга, картошка (янги ҳосил), сабзи (сариқ, қизил), тарвуз 250 сўмга ҳамда картошка (импорт) 100 сўмга арзонлаган.