Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 952,10 ▲ +0,3% EUR 13 779,58 ▲ +0,2% RUB 145,21 ▼ −0,7% Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Тошкентда декабрь ойида хонадонлар нархи 3,2 фоизга ошди

ПМТИнинг таҳлил натижаларига кўра, пойтахтдаги хонадонлар нархи ноябрь ойида октябрь ойидагига қараганда 2 фоизга, декабрь ойида эса нархлар 3,2 фоизга ошган. Миробод, Яккасарой, Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманларида уй-жойнинг бир квадрат метри учун нархлар Тошкент шаҳри бўйича ўртача нархдан (1088 доллар) юқори эканлиги маълум бўлди.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) 2022 йилнинг 4-чораги учун Тошкент шаҳрида хонадонлар учун таклиф этилаётган харид нархлари ўзгаришини таҳлил қилди.

Таҳлил натижаларига кўра, нархлар ноябрь ойида октябрь ойидагига қараганда 2 фоизга ошганни аниқланди. Декабрь ойида эса нархлар 3,2 фоизга ошган.

E-notarius маълумоларига кўра, 4-чорак давомида Тошкент шаҳрида 33 194 та уй-жой олди-сотди шартномаси имзоланган. Нархлар чорак давомида Шайхонтоҳур туманида ўртача 7,1 фоиз, Чилонзор туманида 4 фоиз, Юнусобод туманида 3,8 фоиз, Учтепа, Яккасарой, Яшнобод ва Олмазор туманларида 2 фоиз, Сергели ва Мирободда 1 фоиз ҳамда Мирзо Улуғбек туманида 0,5 фоизга ошган.

Миробод (1326 доллар), Яккасарой (1195 доллар), Мирзо Улуғбек (1174 доллар) ва Юнусобод (1128 доллар) туманларида уй-жойнинг бир квадрат метри учун нархлар Тошкент шаҳри бўйича ўртача нархдан (1088 доллар) юқори эканлиги маълум бўлди.

Натижаларга кўра, арзон сегментда ҳам, қиммат сегментда ҳам хонадон майдони катталиги нархни белгиловчи асосий омил бўлиб қолмоқда. Буни шаҳар шароитида ер участкаси нархининг юқорилиги билан изоҳласа бўлади, яъни хонадон таннархида ер харид қилишга кетган харажат энг катта ўрин тутади.

Арзон сегментда хонадон жойлашган қават нархнинг ошишига таъсир қилувчи бошқа асосий омил экани ойдинлашди. Чунки бу сегментдаги уйлар асосан эски ва лифтлар билан жиҳозланмаган. Бошқа тарафдан юқори қаватларга сув ва иссиқлик таъминоти етиб бориши билан боғлиқ муаммолар ҳам хонадон нархига таъсир этмоқда. Кейинги ўринларда нархга хонадоннинг янги қурилгани ва таъмирланганлик ҳолати таъсир этмоқда.

Шунингдек, қиммат сегментда эса хонадоннинг махсус агентлик ёки хонадон эгасининг ўзи томонидан сотилаётгани муҳим аҳамиятга эга бўлган. Буни махсус агентликлар кўпроқ қиммат хонадолар олди-сотдисида иштирок этиши ва устама ҳаққининг мавжудлиги билан изоҳлаш мумкин. Ундан кейинги ўринда мебель билан жиҳозлангани, комиссия олиниши, янги қурилгани каби омиллар туриши аниқланди.