2025 йил 31 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Божхона йиғимлари ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида» қарори қабул қилинди.
Қарор билан қуйидагиларни назарда тутган ҳолда Божхона йиғимлари ставкалари тасдиқланди:
- товарларнинг божхона расмийлаштируви учун йиғимлар миқдори божхона органлари томонидан ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг тахминий қийматидан келиб чиқиб белгиланади;
- товарларни «экспорт» ва «импорт» божхона режимларига расмийлаштириш учун ундириладиган божхона йиғимлари ставкалари ўзаро мувофиқлаштирилди;
- божхона органларининг иш вақтидан ташқари божхона расмийлаштируви учун йиғим миқдори 8 баробарга камайтирилди. Яъни, БҲМнинг 2 бараваридан (750 минг сўм) 25 фоизига (93,75 минг сўм) туширилди;
- божхона ҳудудида ва ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш божхона режимларида ундириладиган йиғим миқдори 2 баробарга пасайтирилди;
- дастлабки декларациялаш амалга оширилганда ундириладиган йиғимга 20 фоиз миқдорида чегирма тақдим этилади.
Шунингдек, транзит божхона режими учун БҲМнинг 25 фоизи миқдорида, халқаро курьерлик жўнатмаларининг 1 килограмм учун БҲМнинг 2 фоизи миқдорида йиғим белгиланди.

Мазкур қарор расмий эълон қилинган санадан эътиборан 3 ойдан сўнг кучга киради.


