
Хитой Ўзбекистондаги корхоналари сони бўйича илк бор Россияни ортда қолдирди
Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокидаги компаниялар сони кескин ўсиб, 2024 йил якунларига кўра рекорд даражага етди. Хитой компаниялари илк бор Россияни ортда қолдириб, мамлакатдаги энг йирик хорижий бизнес вакилига айланди.

2025 йил 1 январь ҳолатига кўра, мамлакатда хорижий инвестициялар иштирокида фаолият юритувчи 14 871 та корхона мавжуд бўлиб, уларнинг сони ўтган йилда 5,8 фоизга ёки 818 тага кўпайган. Шулардан 3965 таси қўшма корхоналар, 10 906 таси эса тўлиқ хорижий капиталга эга корхоналардир.
Хитой хорижий капитал иштирокидаги компаниялар сони бўйича етакчилик қилмоқда — 3357 та. Бу 2023 йилга нисбатан 43,6 фоиз ёки 1020 тага кўпдир. Бу хорижий корхоналар сони бўйича йил якунида қайд этилган рекорд ўсиш ҳисобланади. Аввалги йилларда Хитойнинг Ўзбекистондаги иштироки анча сустроқ кенгайган эди:
- 2020 йилда — 147 та;
- 2021 йилда — 128 та;
- 2022 йилда — 214 та;
- 2023 йилда — 196 та.
Иккинчи ўринни Россия эгаллади. Россия капитали иштирокидаги компаниялар сони 3,5 фоизга камайиб, 3044 тадан 2937 тага тушди (-107). 2023 йилда ҳам пасайиш кузатилган бўлиб, 112 та компания ёпилган эди.
2022 йилда Россия Украинага қарши уруш бошлаб, кўплаб халқаро санкцияларга учрагач, Ўзбекистонда ўз иштирокини кескин кенгайтирган эди. Ўша йили Россия капиталига эга компаниялар сони бирданига 847 тага ошган (2020 йилда +216, 2021 йилда +256).
Баъзи бошқа давлатлар ҳам Ўзбекистондаги корхоналари сонининг камайишини кузатди:
- Туркия — 1826 та корхона (-3 фоиз, ёки -57 та);
- Қозоғистон — 1041 та (-2,2 фоиз, ёки -23 та);
- Жанубий Корея — 644 та (-12,5 фоиз, ёки -92 та);
- АҚШ — 304 та (-2,9 фоиз, ёки -9 та).
Охирги икки йил ичида:
- Туркия компаниялари сони — 378 тага,
- Қозоғистон компаниялари сони — 217 тага,
- Жанубий Корея компаниялари сони — 286 тага,
- АҚШ компаниялари сони эса — 50 тага камайди.
МДҲ давлатлари орасида эса бироз ўсиш кузатилмоқда:
- Тожикистон компаниялари — 314 та (+12,9 фоиз);
- Озарбайжон компаниялари — 263 та (+11 фоиз);
- Қирғизистон компаниялари — 287 та (+2,9 фоиз);
- Бошқа давлатлар капиталига эга корхоналар эса 631 тага камайиб, 3485 тадан 2854 тага тушган (-18,1 фоиз).





