Асосий мазмунга ўтиш
10август · Душанба USD 11 952,10 ▲ +0,3% EUR 13 779,58 ▲ +0,2% RUB 145,21 ▼ −0,7% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Ўзбекистондаги 14 та ҳудудда электр энергияси сотувчи хусусий компаниялар ташкил этилади

Шавкат Мирзиёев 23 июнь куни электр энергетикаси корхоналари фаолиятини трансформация қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

3D Electric power lines over sunrise

Ўзбекистондаги 14 та туман ва шаҳарда электр энергиясини сотадиган хусусий чакана электр савдо компаниялари ташкил этилади. Бу ҳақда Президент иштирокидаги электр энергетикаси корхоналари фаолиятини трансформация қилиш масалалари бўйича йиғилишда маълум қилинди.

Қайд этилишича, 2023 йил 14 та туман ва шаҳарда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга муқобил тарзда, истеъмолчиларга электр энергиясини сотадиган хусусий чакана электр савдо компаниялари ташкил этилади.

Фото: Президент матбуот хизмати 

Хусусий генерация корхоналари уланиши учун тенг шароит яратиш мақсадида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг электр энергиясини ягона харид қилиш ва магистрал тармоқларни бошқариш ваколатларини ажратиш таклифи билдирилди. 

Бунда, ягона харид қилувчи компания барча электр станцияларидан электр энергиясини шартнома асосида сотиб олиб, йирик корхона ва ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига сотади. Магистрал тармоқ оператори эса электр энергиясини етказиб бериш, йўқотишларни камайтириш ва энерготизимни техник бошқариш билан шуғулланади.

Шунингдек, тармоқ раҳбарларига трансформация жараёнини жадаллаштириш, корхоналарни молиявий соғломлаштириш ва тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қила оладиган компанияларга айлантириш кераклиги таъкидланди.

Соҳа корхоналарининг операцион харажатларини оптималлаштириш, электр узатиш тармоқларини янгилаш бўйича ҳам топшириқлар берилди.

Аввалроқ Ўзбекистонда аҳоли ва тадбиркорларга ўрнатилган қуёш ва шамол электр ускуналари учун қувватига қараб компенсация тўланиши ҳақида хабар берилганди.