Ўзбекистонда ипотека кредитига субсидия олиш учун ариза бериш бошланди. Уни қандай олиш мумкин?
3 мартдан бошлаб Ўзбекистонда ипотека кредитлари бўйича субсидиялар учун ариза қабул қилиш бошланди. Ариза билан мурожаат қилувчи 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқароси бўлиши керак.

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал ва фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия олиш мақсадида ариза билан мурожаат қилувчи 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши керак.
Ариза берувчи ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.
Ўзи келиб мурожаат этганда, Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса ариза берувчи мустақил равишда давлат хизматидан фойдаланиш учун анкета-аризани электрон тарзда тўлдиради.
Зарур ҳолларда айрим тоифадаги шахслар (Президент Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат хавфсизлик хизмати, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва бошқа ҳарбий тузилмаларнинг ходимлари (ҳарбий хизматчиларидан ташқари) ва давлат ҳисобидан уй-жойлар билан таъминланмаган нафақадаги ҳарбий хизматчилар томонидан ойлик даромадлари тўғрисидаги маълумотнома Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциясига тақдим этилади.
Ариза берувчидан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумот ва ҳужжатларни ҳамда анкета-аризада қайд этилган маълумотлардан ташқари бошқа ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.
Меҳнат мигрантлари номидан ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш тўғрисидаги аризани унинг оила аъзолари нотариал тартибда тасдиқланган ишончнома асосида бериши мумкин. Давлат хизматлари маркази ва ЯИДХП орқали кўрсатиладиган хизматлар ва марказ томонидан тегишли ташкилотларга сўров юбориш орқали маълумотларга аниқлик киритиш тўловларсиз (бепул) амалга оширилади.
Ариза берувчи томонидан ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун ариза ҳар йили тасдиқланадиган давлат дастурларида белгиланган муддатларда топширилиши мумкин.
Ариза берувчи туман (шаҳар) Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали анкета-аризада кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги учун жавоб беради. ЯИДХП орқали мурожаат этилган тақдирда, ариза берувчи анкета-аризага асосан зарур бўлган маълумотларни ўзи киритади.
Давлат хизматлари маркази сўровнома тўлдирилган вақтдан бошлаб бир соат мобайнида уни субсидия.идм.уз электрон платформасига юборади. Аризаси масъул ташкилотлар ҳамда ариза берувчи рўйхатга олинган доимий яшаш жойидаги туман (шаҳар) комиссияси томонидан кўриб чиқилади.
Масъул ташкилотлар етти иш кунида ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини тақдим этилган ҳужжатлар асосида ташкилотларда мавжуд маълумотлар базаси билан солиштирган ҳолда ўрганиб чиқади ва ЯИДХПда онлайн электрон шаклда қуйидаги маълумотларни:
тиббиёт бирлашмаси — ариза берувчи ва унинг оила аъзолари орасида сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахслар, биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг, ёлғиз ўзи оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган болани парваришлаётган аёлларнинг мавжудлигини;
давлат солиқ инспекцияси — солиқ тўловчининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШ ШИР) бўйича ариза берувчи ва оила аъзоси сифатида келтирилган шахсларнинг (аризада «Labor — migration» дастурида рўйхатдан ўтганлиги кўрсатилган ариза берувчи бундан мустасно) даромадларини аниқлайди.
- Бунда давлат солиқ инспекциясидан ариза берувчи ва оила аъзоларининг даромадлари бўйича балл берилмаган тақдирда, ариза бошқа масъул ташкилотлар томонидан кўриб чиқилмайди ва автомат равишда субсидия ажратишни рад этиш бўйича комиссия котибига юборилади;
- туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари — ариза берувчининг оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналар тоифасига мансублигини;
- туман (шаҳар) ҳокимлиги молия бўлими — ариза берувчининг олис ва чекка ҳудудларда жойлашган буджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган олий маълумотли мутахассис ва (ёки) тиббиёт ходими эканлигини тасдиқлайди.
Агар ариза берувчининг ва унинг турмуш ўртоғининг ўртача ойлик даромадлари миқдори кўрсатилган меъёрлардан кам бўлса, унинг даромадлари ҳисоб-китобига уларнинг яқин қариндошларининг даромадлари ҳам киритилиши мумкин.
- ариза берувчи, шу жумладан, унинг турмуш ўртоғи ва яқин қариндошларининг жами ўртача ойлик даромадлари бўйича балл берилмаган тақдирда, ариза бошқа мезонлар асосида кўриб чиқилмайди ва автомат равишда субсидия ажратишни рад этиш учун комиссия котибига юборилади.
Бунда сўнги бир йилдаги ўртача ойлик даромадлар миқдорини аниқлашда камида уч ойлик даромадларининг ўртача кўрсаткичлари инобатга олинади. Ушбу ҳолатда сўнги уч ойнинг камида бир ойида даромадга эга бўлиши талаб этилади.
ЯИДХПда масъул ташкилотлар ўрганиб чиқиш натижаларига кўра киритилган маълумотлар асосида ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мувофиқлиги автоматлаштирилган тарзда баллар кўринишида баҳоланади.
ЯИДХПда масъул ташкилотларнинг баҳолаш натижалари комиссия котибига юборилади. Туман (шаҳар) ҳокимлари ва комиссия таркибига киритилган ҳар бир ташкилот ва идора раҳбарлари комиссиянинг самарали ва қонуний фаолият олиб бориши юзасидан шахсий жавобгар ҳисобланади.
Давлат хизматлари агентлигининг ҳудудий бошқармалари ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-кунидан кечиктирмаган муддатда комиссия томонидан аризаларни кўриб чиқиш ҳолати бўйича туман (шаҳар) ҳокимларига тизимли равишда маълумот киритиб боради.
Эслатма: ариза берувчи ва/ёки унинг яқин қариндошларинг (бунда, яқин қариндошлар аризада кўрсатилган ҳолларда) ўртача даромад миқдори:
- Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,7 бараваридан (3 млн 118 минг 500 сўм) 8 бараваригача (9 млн 240 минг сўм);
- Тошкент шаҳрида — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,7 бараваридан (3 млн 118 минг 500 сўм) 9,2 бараваригача (10 млн 626 минг сўмгача) бўлиши зарур;
- Ариза берувчида, шу жумладан, унинг турмуш ўртоғининг номида республиканинг барча ҳудудлари миқёсида мулк ҳуқуқи билан турар жой мавжуд бўлмаслиги лозим.




