Асосий мазмунга ўтиш
7-август · Жума USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Хотин-қизларга 100 млн сўмгача гаровсиз кредит ажратилади

«Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2025 йилда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • 2 миллион нафар хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш;
  • 250 минг нафар хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш;
  • 250 минг нафар хотин-қизларни олий таълим билан қамраб олиш;
  • 50 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизларни санаторийларда соғломлаштириш ҳамда уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш бўйича мотивацион семинарлар ташкил этиш.

«HAMROH» тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида 2025 йил 1 майдан:

  • хотин-қизларга «яшил лойиҳалар» ва IT соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишига, шунингдек, камида 5 нафар хотин-қизнинг тадбиркорлигини йўлга қўйишга кўмаклашган 1 минг нафар «устоз» тадбиркорларга 50 миллион сўмгача грант ажратиш йўлга қўйилади;
  • ижобий кредит тарихига эга бўлган хотин-қизларга 100 млн сўмгача гаровсиз кредит ажратилади;
  • аёл тадбиркорлар томонидан кредит ҳисобидан сотиб олинаётган асбоб-ускуналар етказиб берилгунга қадар «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан кафиллик тақдим этилиши йўлга қўйилади.

Қарорга мувофиқ, қуйидаги имкониятларга эга “Тадбиркор аёллар” платформаси 2025 йил 1 июлгача ишга туширилади:

  • аёл тадбиркорларга хомашё сотиб олишга кўмаклашиш;
  • ўзаро кооперацияни кенгайтириш ва маҳсулотларни сотиш учун бозор топиш;
  • зарур мутахассисларни излаш ва ишга қабул қилиш;
  • лойиҳалар доирасида юзага келаётган муаммоларини аниқлаш ва уларга ечим топиш.

2025 йил 1 майдан қуйидагиларни назарда тутувчи “Ҳамкор тадбиркор” дастури йўлга қўйилади:

  • ўз бизнесини ташкил этмоқчи бўлган хотин-қизларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш;
  • кооперация асосида хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашиш;
  • маҳаллий ва халқаро электрон платформаларда хотин-қизларга ўз маҳсулотларини жойлаштириш ва сотишга кўмаклашиш.

2025 йил 1 августгача Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш йўналишида молиявий хизматлар кўрсатиш стратегияси тасдиқланади.

Етакчи ишбилармон аёллардан иборат Тадбиркор аёллар кенгаши ташкил этилади.