Ўзбекистонда 2022 йил хотин-қизлар бизнес-лойиҳаларини молиялаштириш учун қўшимча 1 триллион сўм ажратилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева маълум қилди.
Таъкидланишича, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида хотин-қизларнинг бизнес-лойиҳаларини молиялаштириш учун 2022 йилда қўшимча 1 триллион сўм ажратилади.
Мазкур дастур доирасида ажратилаётган маблағларнинг жами 4 триллион сўм қисми 2022 йил тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган хотин-қизларга йўналтирилиши таъминланади.
Маълум қилинишича, хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро молия институтларининг 300 миллион долларлик молиявий ресурслари жалб этилиши белгиланган.
Ўз меҳнат ҳамда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун касб-ҳунар ва тадбиркорликни ўрганиш иштиёқида бўлган 388 874 нафар хотин-қиз касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Бу мақсадлар учун 12 миллиард сўмдан зиёд маблағ жалб этилган.


