Ўзбекистонда хотин-қизларга таълим кредити 14 фоизда ажратилади. Бу ҳақда «Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорида сўз боради.
Қонунчиликка кўра, 2022/2023 ўқув йилидан республикадаги барча хусусий, хорижий ва давлат олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида хотин-қизларнинг тўлов-контракт асосида таҳсил олиши учун имтиёзли шартларда таълим кредитларини молиялаштириш мақсадида банкларга давлат бюджетидан маблағ ажратишнинг янги тизими жорий этилган.
Қарорга кўра:
- таълим кредитлари 14 фоиз ставкада ажратилади;
- таълим кредитининг асосий қисми талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади;
- таълим кредитини расмийлаштиришда ва унинг қайтарилишида талабанинг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари ва бошқа учинчи шахс биргаликда қарз олувчи сифатида қатнашишига рухсат этилади;
- «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га кирган оилаларнинг хотин-қизларига ажратиладиган таълим кредитлари учун гаров ва кафилликлар талаб этилмайди.
Таълим кредити бўйича фоиз ставкалари таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси томонидан сўндирилади.


