Жорий йилнинг январь—апрель ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси $24,6 млрдни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси ҳисоботида келтирилган.
Кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 16,3 фоизга ошган. Бунга экспорт ($11,88 млрд, +35,1%) ҳамда импортнинг ($12,72 млрд, +2,9%) сезиларли ўсиши сабаб бўлди. Натижада ташқи савдо баланси тақчиллиги $846,3 млнгача қисқарди (ўтган йили — $3,58 млрд).
Ўтган ойда Ўзбекистон олтин сотишни давом эттириб, $1,91 млрдлик олтин экспорт қилди. Дастлабки 4 ой якунларига кўра, қимматбаҳо металлар етказиб бериш $5,48 млрдни (+60 фоиз) ташкил этди.
Хитой Ўзбекистон билан савдо бўйича биринчи ўринни сақлаб қолмоқда ($4,18 млрд), иккинчи ўринни эса $3,7 млрд билан Россия эгаллаб турибди. Январь апрель ойларида Хитой билан савдо 5,6 фоизга ошди, Россия билан эса 3 фоизга камайди.
Шунингдек, ташқи савдо ҳамкорлари бешлигига Қозоғистон ($1,39 млрд), Туркия ($834 млн) ва Жанубий Корея ($584,1 млн) кирди — улардан фақат Қозоғистон билан товар айирбошлаш ҳажми ошди. Асосий ҳамкорлар ўнталигида Афғонистон ($504,5 млн), Франция ($472,8 млн), Германия ($423,8 млн), Ҳиндистон ($383 млн) ва БАА ($329,3 млн) ҳам бор.


