Тошкент Марказий Осиёда яшаш қиммат бўлган шаҳарлар орасида 4-ўринни эгаллади
Numbeo портали шаҳарларнинг қимматлик рейтингини янгилади. Янги маълумотларга кўра, Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри қимматчилик даражаси бўйича Марказий Осиё шаҳарлари орасида биринчи ўринни эгаллади. Тошкент тўртинчи ўринда қайд этилди.

Олмаотада яшаш қиймати индекси 29,4 пунктни ташкил этди. Шу тариқа у жаҳон рейтингида 346-ўринга кўтарилди. Қозоғистон пойтахти Остона 26,5 кўрсаткич билан 366-ўринни эгаллади. Қирғизистон пойтахти Бишкек 26,8 индекс билан 364-ўринни, Тошкент 26,2 индекс билан 370-ўринни эгаллади. Тожикистон ва Туркманистон шаҳарлари рейтингга киритилмаган.
Таҳлилчилар харид қобилияти индексига алоҳида эътибор қаратишди. Сўнгги беш йил ичида Қозоғистоннинг иккала мегаполиси ҳам ўсишни кўрсатди: Остонада 59,4 пунктга (2020 йилдаги 45,3 пунктга нисбатан), Олмаотада 55,9 пунктга (36,3 пунктга нисбатан) етди. Бу кўрсаткич Тошкент (49,3) ва Бишкек (40,4) шаҳарларига қараганда юқори, аммо аҳоли кўпроқ товар ва хизматларни сотиб олиши мумкин бўлган Москва ва Минск шаҳарларига қараганда сезиларли даражада паст.
Жорий йил баҳорида Қозоғистон ҳаёт сифати бўйича Марказий Осиё мамлакатлари орасида етакчига айланиб, умумжаҳон рейтингида 70-ўринни эгаллаган эди. Туркманистон 96-ўринда, Ўзбекистон 108-ўринда, Қирғизистон 119-ўринда, Тожикистон 128-ўринда қайд этилган.
Рейтингда экспертлар умр сифати ва давомийлиги, таълим даражаси, сиёсий барқарорлик, аҳоли жон бошига даромад ва имкониятлардан фойдаланиш имконияти каби кўрсаткичларни таҳлил қилган.
Дунёнинг энг қиммат шаҳарлари рейтингида Швейцариянинг олтита шаҳри олдинги ўринларни эгаллаб турибди: Цюрих (112,5), Женева (111,4), Базел (110,7), Лозанна (110,5), Лугано (108,4) ва Берн (103,4). Бу шаҳарларда яшаш Ню-Йоркка нисбатан 3,4-12,5 фоиз қиммат.
Рейтингга кўра, яшаш учун энг арзон шаҳарлар Ҳиндистон ва Покистонда жойлашган. Энг арзон шаҳарлар ўнталигига Ҳиндистоннинг олтита, Покистоннинг учта ва Ливиянинг битта шаҳри кирди.
Numbeo рейтингни озиқ-овқат, транспорт, коммунал хизматлар ва бошқа кундалик харажатлар нархлари маълумотлари асосида шакллантиради. Мўлжал учун Ню-Йоркдан фойдаланилади, унга 100 пункт берилган. Бу турли мамлакатлардаги турмуш даражасини таққослаш имконини беради: агар кўрсаткич 100 дан юқори бўлса, демак, шаҳарда яшаш Нью-Йоркдагидан қимматроқ.




