Сальвадорда дунёдаги илк криптовалюта шаҳри қурилади. Bitcoin City дунё молиявий марказига айланадими?
Шаҳарни энергия билан таъминлаш учун Кончагуа вулқони яқинида геотермал электр станцияси қурилади
Сальвадор дунёдаги биринчи биткоин облигацияларини чиқариш ва аҳолиси даромад, мол-мулк ва сармоядан олинадиган солиқдан озод қилинадиган Bitcoin City қуриш ниятида. Бу ҳақда Bloomberg Президент Наиб Букелега таяниб хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Сальвадор ҳукумати Blockstream блокчейн компанияси билан Liquid Network’га 1 миллиард долларлик биткоин облигацияларини жойлаштириш бўйича келишув тузган.
«Уларни сотишдан тушган тушумнинг биринчи ярми биткоинга айлантирилади, иккинчиси эса геотермал вулқон энергиясида биткоин қазиб олиш учун инфратузилмани ривожлантиришга сарфланади», — деди Blockstream бош стратеги Самсон Моу.
Букеле, шунингдек, Фонкеcа кўрфази бўйлаб Bitcoin City қурилишини эълон қилди. Шаҳарни энергия билан таъминлаш учун Кончагуа вулқони яқинида геотермал электр станцияси қурилади. Унинг қуввати биткоин қазиб олиш учун ҳам ишлатилади.
Президентнинг сўзларига кўра, Bitcoin City турар-жой ва бизнес мавзелари, ресторанлар, аэропорт, денгиз порти ҳамда темирйўл вокзалига эга тўлақонли мегаполисга айланади. Инвесторларга доимий яшаш ҳуқуқи берилади, шунингдек, улар учун фуқаролик олиш тартиби тезлаштирилади.
Биткоин облигацияларини чиқариш 2022 йилда бошланади. Bitcoin City’даги ягона солиқ шаҳар қурилишини молиялаштириш учун 10 фоиз қўшилган қиймат солиғи бўлади. Blockstream’нинг ҳисоб-китобларига кўра, 10 йил ичида облигациялар муддати тугагач, биткоин курсининг прогноз қилинган ўсиши ҳисобига йиллик фоизли даромад 146 фоизни ташкил қилади.
Стратегларнинг тахминича, биткоин нархи 5 йил ичида 1 миллион долларга етади. Моунинг айтишича, бу режалар Сальвадорни «дунёнинг молиявий марказига» айлантиради. Шунингдек, у бошқа давлатлар ҳам Сальвадорга эргашишини қўшимча қилди.
Маълумот учун, июнь ойида Сальвадор биткоинни АҚШ доллари билан бирга расмий тўлов воситаси сифатида тан олган биринчи давлат бўлди. Мамлакатда криптовалютани аллақачон McDonald’s ва бошқа фаст-фуд тармоқларида тўлов учун ишлатиш мумкин.
Ноябрь ойи бошида биткоин нархи 68 минг доллардан юқори кўрсаткичга етди. Бироқ сўнгги ҳафталарда унинг курси деярли 20 фоизга пасайди.
Аввалроқ Squid Game сериалига асосланган криптовалюта чиқарилганди. Кейинчалик унинг нархи нолга тушиб кетди.