БМТнинг Оролбўйига оид махсус резолюцияси учун 4,3 трлн сўм сарфланади
Президент қарори асосида минтақани экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш бўйича 7 та йўналиш белгиланган
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида қабул қилинган Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисида махсус резолюция учун 4,3 триллион сўм сарфланади. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш» масалаларига бағишланган Халқаро конференция очилиш маросимида маълум қилди.
Хабарга кўра, мазкур резолюцияни тайёрлашда дунёнинг турли минтақаларидан 60 га яқин давлатлар ҳаммуаллиф сифатида иштирок этган. Қабул қилинган ҳужжатда БМТнинг Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказини ва БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик траст фонди ташкил этилишини қўллаб-қувватлаш акс эттирилган.
Қайд этилишича, Ўзбекистон томонидан махсус резолюцияни амалга ошириш мақсадида Президентнинг БМТ Махсус резолюциясини амалга ошириш юзасидан қарори қабул қилинган. Мазкур ҳужжат асосида Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш бўйича 7 та йўналиш белгиланган. Ушбу йўналишлар бўйича 2,4 триллион сўм (эквивалентда) 71 та тадбирлар, шунингдек 1,9 триллион сўмлик 65 та устувор инновацион лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Аввалроқ Марказий банк вакиллари БМТ эксперти билан аҳолининг молиявий саводхонлиги бўйича фикр алмашгани хабар қилинганди.