Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 952,10 ▲ +0,3% EUR 13 779,58 ▲ +0,2% RUB 145,21 ▼ −0,7% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Шавкат Мирзиёев Жаҳон божхона ташкилоти бош котиби Кунио Микурияни қабул қилди

Давлат божхона қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича ҳамкорлик муҳокама қилинган

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 26 ноябрь куни мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган Жаҳон божхона ташкилоти бош котиби Кунио Микурияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, учрашувда Ўзбекистон ва нуфузли халқаро тузилма ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган. Шунингдек, Давлат божхона қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш бўйича ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, рақамлаштириш, илғор халқаро стандартларни жорий этиш, интеллектуал тизимлардан фойдаланган ҳолда божхона постларини модернизация қилиш, коррупция, контрабанда ва божхона соҳасидаги қоидабузарликларга қарши курашиш борасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, мутахассислар тайёрлаш ва бошқа йўналишларда қўшма тадбир ва лойиҳаларни амалга ошириш муҳим экани қайд этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, учрашувда Ўзбекистоннинг тез фурсатда Жаҳон савдо ташкилотига кириши билан боғлиқ масалаларда яқиндан ҳамкорлик қилиш зарур экани таъкидланган. Ўзбекистон ва Жаҳон божхона ташкилоти ўртасидаги амалий шерикликни кенгайтириш бўйича янги «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинган.

Аввалроқ Сардор Умурзоқов Сеулда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши масаласини муҳокама қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон–Туркманистон чегарасидаги 2 та чегара ўтказиш пункти фаолияти қайта тикланиши хабар қилинди.