Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Ўзбекистонда бюджет интизомини бузиш ва асоссиз харажатларни амалга ошириш 2,7 бараварга ошди

Сенат ялпи мажлисида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунни такомиллаштириш зарурлиги айтилди.

Фото: «bobr.by»

Ўзбекистонда бюджет интизомини бузиш ва асоссиз харажатларни амалга ошириш ҳолатлари ўртача 2,7 бараварга ошган. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Сенатнинг 22-ялпи мажлисида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев давлат харидлари тизимида айрим муаммолар сақланиб қолаётгани тўғрисида гапирган.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

«Давлат харидлари соҳасини таҳлил қилиб, шаффофлик ва рақобатбардошликни таъминлаш, ‘Давлат харидлари тўғрисида’ги Қонун талаблари бузилишига йўл қўймаслик, давлат харидларида корпоратив буюртмачиларнинг махсус ахборот порталида тўлақонли иштирок этиши ҳамда товар-хом ашё биржа савдолари соҳасидаги профессионал фаолиятни тартибга солиш тизими тубдан такомиллаштирилиши керак», — дея таъкидлаган Эркин Гадоев.

Қайд этилишича, назорат тадбирларида бюджет интизомини бузиш, пул ва товар моддий бойликлар камомади ҳамда асоссиз харажатларни амалга ошириш ҳолатлари ўртача 2,7 бараварга ошган.

Аввалроқ Сенат 2022 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунни маъқуллагани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг 2022 йил учун давлат бюджети тақсимланишидаги ўзгаришлар маълум қилингани ҳақида хабар берилди.