Россиядан Ўзбекистонга учинчи чоракда қанча пул ўтказилгани маълум бўлди
Россиядан МДҲ мамлакатларига пул ўтказмалари бўйича 6 йиллик рекорд қайд этилди.
2021 йилнинг июль-сентябрь ойларида Россиядан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатларига тўлов тизимлари орқали амалга оширилган трансчегаравий ўтказмалар 2,29 миллиард долларга етди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» Россия Банки маълумотларига таяниб хабар берди.
Маълум бўлишича, ушбу давр мобайнида энг кўп Ўзбекистонга 1,01 миллиард доллар (34,9 фоиз ўсиш), Тожикистонга 0,53 миллиард доллар (25,5 фоиз ўсиш) ва Қирғизистонга 0,43 миллиард доллар (21,7 фоиз ўсиш) ўтказилган.
Қайд этилишича, 2021 йилнинг учинчи чорагида Россия Федерациясидан МДҲ мамлакатларига жисмоний шахсларнинг тўлов тизимлари орқали валюта ўтказмалари 6 йиллик рекорд — 2015 йилнинг иккинчи чорагидаги 2,31 миллиард долларлик кўрсаткични янгилаган. Бунда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон мамлакатлари етакчи бўлиб, ушбу давлатларга пул ўтказмалари иккинчи чоракка нисбатан 22 фоиздан 35 фоизга кўтарилган.
Мутахассисларнинг фикрича, пул ўтказмалари миқдорининг ўсишига меҳнат мигрантлари оқими, хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистондан ишчи кучини уюшган тарзда олиб келиш сабаб бўлган.
Аввалроқ 2021 йилнинг 11 ойида Ўзбекистонга кириб келган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 35 фоизга ўсиб, 7,3 миллиард долларга етгани хабар қилинганди.