Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Ўзбекистонда солиқ органлари қўллайдиган молиявий санкциялар бекор қилинади

Автомобиль сотиб олганлик ёки Ўзбекистон ҳудудига олиб кирганлик учун йиғим бекор қилиниши мумкин.

Фото: Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Жорий ҳафта бошида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи йиғилишида «Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қабул қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниевнинг маълум қилишича, ушбу қонунга асосан, солиқ қонунчилигига тадбиркорлар ва фуқаролар манфаатига хизмат қилувчи бир қатор янгиликлар киритилмоқда. Жумладан:

  • Давлат раҳбарининг ПФ-6307-сонли фармонига асосан тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ҳисоботини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун молиявий санкцияларни бекор қилиш (Параллел равишда, Вазирлар Маҳкамаси қарорига киритилаётган ўзгартиришларга орқали солиқ органлари томонидан камерал солиқ текшируви бўйича молиявий санкция қўллаш амалиёти ҳам тугатилмоқда);
  • жисмоний шахсларга солиқ органлари томонидан хизмат кўрсатишнинг экстерриториал тамойилини жорий этиш;
  • уй-жойларни талабаларга ижарага беришдан олинган даромадларни солиқдан озод этиш;
  • фойда солиғи солинадиган солиқ базадан чегириб юбориладиган амортизация нормалари ва инвестициявий чегирма миқдорларини ўртача 2 баробарга ошириш;
  • хўжалик субъектларига фойда солиғи бўйича аввалги йилда кўрилган зарарларни жорий йил фойдасидан тўлиқ 100 фоиз чегириш имкониятини бериш (амалда 60 фоиздан ошмаслиги лозим);
  • юридик шахслар учун мол-мулк солиғи ставкасини 2 фоиздан 1,5 фоизга пасайтириш;
  • жисмоний ва юридик шахслар томонидан автомобилларни сотиб олганлик ва (ёки) Ўзбекистон ҳудудига олиб кирганлик учун йиғимни бекор қилиш;
  • камерал текширувини белгилашда инсон омилини истисно қилиш мақсадида солиқ тўловчи топширган ҳисоботлар таҳлилини автоматлаштирилган тизим ёрдамида (инсон омилисиз) ўтказишни назарда тутувчи нормалар киритилмоқда.

Аввалроқ ДСҚ ижарада яшовчи талабаларда солиқ мажбурияти юзага келмаслигини маълум қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Солиқ қўмитаси раисига янги ўринбосар тайинлангани хабар қилинди.