Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Ўзбекистонда коррупция содир этган шахсларнинг давлат хизматига қабул қилинмаслиги белгиланади

Биринчи марта давлат фуқаролик хизматчиларининг мақоми институти жорий этилади.

Фото: Hloom Templates

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 28 декабрдаги мажлисида «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Унда коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмаслиги бўйича норма ўз аксини топмоқда.

Маълум қилинишича, қонун лойиҳаси билан давлат фуқаролик хизматини тартибга солиш ва тегишли субъектларнинг ваколатлари, давлат фуқаролик хизматчисининг мақоми, одоб-ахлоқ қоидалари, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳамда жавобгарлиги белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасида давлат фуқаролик хизмати тизимида коррупцияга қарши курашиш, давлат фуқаролик хизматига кириш, уни ўташ ва тугатишнинг ягона қоидаларини жорий этиш кўзда тутилган. Мазкур ҳужжатда, шунингдек, биринчи марта давлат фуқаролик хизматчиларининг мақоми институти жорий этилмоқда.

Шу билан бирга, лойиҳада давлат хизматчиларининг даромади ва мол-мулкини декларациялаш, коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмаслиги каби нормалар ўз аксини топмоқда. Мажлисда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Аввалроқ коррупцияга қарши кураш қайси факторлар билан мамлакат иқтисодиёти учун муҳимлиги ҳақида батафсил маълумот берилганди.