Коррупцияга қарши кураш: у қайси факторлар билан мамлакат иқтисодиёти учун муҳим?
Коррупция рағбат ҳиссини сўндиради.

Коррупцияга қарши курашнинг муҳимлиги ҳақида сўз очишдан аввал коррупция ўзи нима деган саволга қисқача жавоб бериб ўтсак.
Коррупция деганда кўпчиликнинг тасаввурига давлат хизматчисига конвертда пул бериш ҳолати келади. Умуман олганда солиқ тўловчиларнинг ресурсларидан номақбул ёки шахсий мақсадларда ҳар қанақасига фойдаланиш коррупция ҳисобланади. Ўша ресурс эса мансаб ёки бюджетдан бирор ижтимоий объект қурилиши учун ажратилган пул ва ҳоказо бўлиши мумкин.
Коррупция стимул, яъни рағбат ҳиссини сўндиради
«Коррупция ҳамма нарсани ўлдиради, чунки коррупция рағбат ҳиссини, самарадорлик ва ривожланишга сармоя киритиш истагини сўндиради», — дейди иқтисодчи Сергей Гурьев.
Мисол тариқасида шартли тадбиркорни олсак: агар у солиқ тўлаш ўрнига ўша тўловларни айланиб ўтиш учун солиқчига пора берса ёки беришга мажбур бўлса, бу ўша шартли бизнесменнинг яхшироқ ишлашга бўлган иштиёқини ўлдиради. Чунки тадбиркорда келажакка нисбатан ишонч йўқолади, унинг ўрнига қўрқув ва ноаниқлик пайдо бўлади.
Келажакда тадбиркор яхшироқ ишлаб, кўпроқ фойда қилса, ўша коррупционер давлат хизматчиси яна унинг даромадига шерик бўлиши мумкин. Пора олиб, лавозимини суиистеъмол қилган мансабдордан яна нимани кутиш мумкин?
Муқобил харажатлар
Ушбу сценарийнинг давоми бор. Тасаввур қилсак, шартли порахўр давлат хизматчиси 1 миллиард сўм ноқонуний маблағ йиғди. Бошқача қилиб айтганда, солиқ тўловчиларнинг ишончи эвазига берилган лавозимни суиистеъмол қилиб, ўша солиқ тўловчиларнинг пулини ўз манфаати йўлида ишлатиб юборди.
Ваҳоланки, ушбу маблағ соғлиқни сақлаш ёки таълим каби муҳим ижтимоий соҳаларга сарфланиши ҳам мумкин эди. Шаҳар чеккасида ҳеч ким яшамайдиган қаср учун эмас, балки жамият учун фойдали бўлган инфратузилмага йўналтирилса ҳам бўларди.
Давлат институтларига бўлган ишончнинг йўқолиши
Бир сўз билан айтганда коррупция илдиз отиб кетган жамиятда аҳоли давлатга даромадларининг бир қисмини ишониб топширишга қўрқади, солиқ тўлашдан қочади.
Давлат бошқарув институтларига нисбатан ишонч бўлмагач, аҳоли қўлидаги капиталдан максимал фойдаланмайди, бирор соҳага инвестиция киритмайди, банкка ҳам қўймайди. Бу эса давлат ўзида мавжуд потенциалдан фойдаланмаётганини англатади.
Хулоса қиладиган бўлсак, коррупция иқтисодий стимул ҳиссини сўндиради, жамиятда тенгсизликнинг кучайишига олиб келади (кимдир шаҳар четида қасрда яшайди, кимдир эса сифатсиз таълим олади) ва давлат бошқарув институтларига бўлган ишонч йўқолади.
Коррупция ва маданий код
Коррупциянинг илдиз отиши бирор бир миллат ёки давлатнинг маданий коди, менталитети билан боғлиқми? Бу, албатта, стереотип. Яққол бир мисол — Грузия. Михаил Саакашвили етакчилигида ушбу давлат юқоридаги стереотипни синдирди.
Бугунги кунда Грузия Transparency International коррупцияга қарши курашиш халқаро нодавлат ташкилоти рейтингида 45-ўриндан жой олган. Бироқ ҳар доим ҳам бундай бўлмаган. Михаил Саакашвили 2004 йилда энди Президентга айланганида Грузия ушбу рейтингда 133-ўринда эди. Орадан 4 йил ўтди ва Грузия 67-ўринга кўтарилиб олди.
Михаил Саакашвили ҳукумат тепасига келганига қадар мамлакатда коррупция, ўғрилик илдиз отиб, маданиятнинг бир бўлагига айланиб кетганди. Жиноятчилик бўйича Собиқ Иттифоқ давлатлари орасида Грузия етакчи эди. Уруғ-аймоқчилик қонунчиликдан устун турар эди. Лекин энди буларнинг барчаси тарихда қолди.
Фаррухжон Муродқулов тайёрлади.






