
Ўзбекистонда масъулиятли кредитлашнинг умумий тамойиллари тасдиқланди
Тамойилларда мижозларга ахлоқий ва адолатли муносабатда бўлиш каби ёндашувлар мавжуд.

Марказий банк масъулиятли кредитлашнинг умумий тамойилларини тасдиқлади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Марказий банк бошқаруви томонидан тижорат банклари ва микрокредит ташкилотлари фаолиятида жисмоний шахсларга истеъмол кредитлари ва микроқарзлар ажратиш билан боғлиқ муносабатларда қўллаш учун тавсиявий характерга эга бўлган масъулиятли кредитлашнинг умумий тамойиллари тасдиқланган.
Унда молиявий хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар учун:
- кредит шартномасини имзолашдан олдин, имзолаш вақтида ва ундан кейин маълумотларни аниқ ва тўлиқ тарзда ошкор қилиш;
- мижозларга ахлоқий ва адолатли муносабатда бўлиш;
- хатоларни самарали тузатиш, шикоятларни кўриб чиқиш ва низоларни ҳал этиш бўйича мурожаат қилиш механизмларини таъминлаш билан боғлиқ асосий ёндашувлар мавжуд.
Масъулиятли кредитлаш тамойиллари қарз олувчининг истеъмол кредити ва микроқарз олишда оқилона ва асосли қарор қабул қилиши учун кредиторга кўрсатилаётган кредит ва микроқарз хизматларига доир маълумотларни шаффоф тарзда қарз олувчига тақдим этиш масъулиятини юклайди.
Хабарга кўра, масъулиятли кредитлаш тамойилларининг қабул қилиниши тижорат банклари ва микрокредит ташкилотлари томонидан кредитлар ажратишда қарз олувчиларга адолатсиз ва оғир шартларни белгилашга ёки уларнинг қарз юкини купайишини олдини олишга хизмат қилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда иқлим ўзгаришлари макроиқтисодий ривожланиш шартлари ва пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларини белгилашда таъсир этувчи омиллар қаторига қўшилганди.





