Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Жаҳон криптовалюта бозори бир суткада 130 млрд доллар йўқотди

Биткоин курси ноябрдаги рекорд чўққисидан тахминан 51 фоизга камайди.

Фото: «denizlimetropol.com»

Биткоин (Bitcoin) ва эфир (Ethereum) нархининг пасайиши фонида бутунжаҳон криптовалюта бозори сўнгги 24 соат ичида 130 миллиард доллар йўқотди. Бу ҳақда «Интерфакс» CoinDesk маълумотларига таяниб хабар берди.

Биткоин курси 6 фоизга тушиб, 33 минг 352 долларни ташкил этди. Криптовалютанинг нархи 2021 йил 24 июлдан буён энг паст даражага етди ва ноябрдаги рекорд чўққисидан тахминан 51 фоизга камайди.

Эфир нархи 12 фоизга тушиб, 2218 долларни ташкил этди. Бу ҳам ўтган йилнинг июль ойидан бери энг паст кўрсаткичдир. Ноябрь ойида эфир курси рекорд даражага етганидан буён криптовалюта тахминан 53 фоиз йўқотди.

АҚШ Федерал захира тизимининг декабрдаги йиғилиши баённомалари биткоин нархига ёмон таъсир қилган. Бунга қадар таҳлилчиларда биткоиннинг қадрсизланишига Қозоғистондаги тартибсизликлар ҳам таъсир қилмоқда, деган қараш бор эди. Чунки ушбу мамлакат майнинг бўйича дунёда 2-ўринда туради.

Аввалроқ биткоин курси тушиши сўнги олти ойдаги минимумни янгилагани хабар қилинганди.