Мэн ороли маъмурияти россиялик миллиардер Андрей Мельниченконинг иккита яхтасини рўйхатдан ўтказишни бекор қилди. Бу ҳақда орол маъмурияти хабар берди.
Маълум қилинишича, Британия тожига қарашли Мэн оролининг Тадбиркорлик департаменти 16 март куни Буюк Британия ва Европа Иттифоқи санкциялари остида қолган россияликлар ҳамда Россия компаниялари билан боғлиқ яхта ва самолётларни ўз юрисдикциясида рўйхатдан ўтказишни бекор қилишга қарор қилган.
Мельниченкога тегишли иккита яхтадан Мэн оролининг регистрацияси олиб ташланди. Гап 142 метрлик елканли яхта Sailing Yacht A ва 119 метрлик моторли яхта А Yacht ҳақида бормоқда.
Орол ҳукумати вакилининг айтишича, россияликларга алоқадор яна 39 та яхтага ҳам рўйхатдан ўтиш тўғрисидаги билдиришномалар юборилган ва улар келгуси ҳафтада рўйхатдан ўчирилиши мумкин. Мэн ороли тадбиркорлик вазири Алекс Аллинсоннинг сўзларига кўра, рўйхатдан ўчириш кеманинг қонуний равишда денгизга чиқа олмаслигини англатади.
Қайд этилишича, Мельниченко ўз яхтасини бошқа юрисдикцияда рўйхатдан ўтказиши мумкин, аммо бунинг учун у янги суғурта ва яхтанинг халқаро стандартларга жавоб бериши ҳақидаги тасниф сертификатини олиши керак бўлади. Аввалроқ Lloyd’s Register ва DNV каби йирик кема таснифлаш компаниялари Россия кемаларига хизмат кўрсатишни тўхтатганди. Таснифлашсиз яхталарни суғурталаб бўлмайди.
Таъкидланишича, Мэн ороли паст солиқлар ва эксплуатация харажатлари ҳамда Британия консуллик хизматлари ва ҳимоясидан фойдаланиш имконияти туфайли машҳур яхталарни рўйхатга олиш юрисдикцияси бўлган. Тахмин қилинишича, санкцияга учраган кўплаб миллиардерлар ўз кемаларини Россияда рўйхатдан ўтказиб, Россия таснифловчи сертификати ва суғуртасини олиши мумкин.
Қайд этиш керакки, Мельниченко 9 март куни Россиянинг Украинага ҳарбий ҳужумига жавобан Европа Иттифоқи санкциялари остида қолганди. Миллиардер СУЭК ва «Еврохим» директорлар кенгаши аъзоси ва ижрочи бўлмаган директори лавозимини тарк этишга ҳамда компаниялардаги улушини 0 фоизга камайтиришга мажбур бўлди (санкциялардан олдин у «Еврохим»нинг 100 фоиз ва СУЭКнинг 92,2 фоиз улушига эга эди). Миллиардер Украинадаги воқеаларга алоқаси йўқлигини таъкидлаб, ўзига нисбатан қўйилган чекловларни абсурд деб ҳисоблайди.
Италия молиявий қўриқчиси 12 март куни Мельниченконинг елканли яхтасини Триест портида ҳибсга олгани маълум бўлди. Мельниченкога яқин манба 530 миллион евролик Sailing Yacht A яхтасининг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотни тасдиқлаган.
Аввалроқ Россиялик миллиардер Мельниченко Украинадаги можаро туфайли озиқ-овқат тақчиллигидан огоҳлантиргани хабар қилинганди. Шунингдек, Италияда Россиянинг энг бой миллиардерига тегишли яхта қўлга олингани ҳақида хабар берилди.


