Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Ҳиндистон ҳар бир криптоинвестицияни солиққа тортишни бошлайди

Февралда криптовалюталар ва NFT’лардан олинадиган даромаддан 30 фоиз солиқ олиниши эълон қилинганди.

Фото: «btcethereum.com»

Ҳиндистон ҳар бир криптоинвестицияни алоҳида солиққа тортишни бошлайди. Бу ҳақда мамлакат Молия вазирлиги маълум қилди.

Ғазначилик департаментининг таъкидлашича, Ҳиндистоннинг виртуал рақамли активлар бўйича таклиф қилинган солиққа тортиш қонуни жисмоний шахсларга бир активдан тушган йўқотишларни бошқасидан тушган даромад билан қоплашга имкон бермайди. Февраль ойида Ҳиндистон криптовалюталар ва NFT’лардан олинадиган даромадга 30 фоиз солиқ жорий этилишини эълон қилганди.

Таъкидланишича, барча крипто транзакциялари бўйича батафсил маълумот олиш учун Нью-Деҳли виртуал активларни сотиб олиш билан боғлиқ тўлов манбасидан 1 фоиз солиқ чегирмасини олишни таклиф қилган.

Шунингдек, 21 март куни эълон қилинган изоҳда Молия вазирлиги мамлакат фонд бозоридаги операцияларни қандай тартибга солишидан қатъи назар, рақамли активларга ҳар қандай сармояни солиққа тортиш ниятини маълум қилди.

Бундан ташқари, криптовалюта майнинги инфратузилмаси харажатларини уни сотиб олишга сарфланган маблағ сифатида кўриб чиқиш мумкин эмаслиги кўрсатилган тушунтириш криптовалюта солиқ қонуни кучга киришидан икки ҳафта олдин тақдим этилган.

Аввалроқ Ҳиндистон ва Россия ҳисоб-китобларни рупий ва рублда амалга оширишга ўтиши мумкинлиги хабар қилинганди. Шунингдек, Ҳиндистон 1 апрелдан ўзининг рақамли валютасини чиқариши ҳақида хабар берилди.