Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Буюк Британияда инфляция рекорд даражада тезлашди

Февраль ойида Буюк Британияда истеъмол нархлари индекси январь ойига нисбатан 0,8 фоизга ошди.

Фото: «mql5.com»

Буюк Британияда инфляция рекорд даражадаги 6,2 фоизга тезлашди. Бу ҳақда мамлакатнинг Миллий статистика бошқармаси хабар берди.

Маълумотларга кўра, февраль ойи якунлари бўйича Буюк Британияда истеъмол нархлари индекси (CPI) январь ойига нисбатан яна 0,8 фоизга ошди. Бу 2009 йилдан бери февраль ойи учун рекорд кўрсаткичдир.

Йиллик ҳисобда февраль ойида инфляция 6,2 фоизга ўсди — бу статистик маълумотларнинг бутун даври учун, яъни 1997 йилдан бери янги рекорддир. январь ойида бу кўрсаткич 5,5 фоизни ташкил этганди.

Буюк Британияда инфляция 2021 йилнинг март ойидан бери баъзи бир коронавирус чекловлари бекор қилиниши, истеъмол талабининг тикланиши ва бир қатор товар турларининг тақчиллигига сабаб бўлган таклиф муаммолари фонида ўсиб бормоқда.

Кузда бу энергия ресурсларининг танқислиги ва улар учун нархларнинг тез ўсиши билан тўлдирилди. Ҳозирда инфляция дунёдаги беқарор геосиёсий вазият, хусусан, Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий можаро туфайли ўсишда давом этмоқда.

Англия Марказий банки 2021 йилда инфляция 2 фоиздан ошмаслигига умид қилган. Аммо нархларнинг ошиши Марказий банкни охирги уч ой ичида асосий ставкани уч марта оширишга мажбур қилди. Натижада у 0,1 фоиздан 0,75 фоизгача кўтарилди.

Аввалроқ Британия иқтисодиёти Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг юқори ўсишни қайд этгани хабар қилинганди. Шунингдек, Британия компаниялари тўрт кунлик иш ҳафтасини синаб кўрмоқчилиги ҳақида хабар берилди.