Британия иқтисодиёти Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг юқори ўсишни қайд этди
Декабрь ойида мамлакатда йиллик инфляция 5,4 фоизгача тезлашди.

Буюк Британия иқтисодиёти 2021 йилда 7,5 фоизга ўсди. Бу Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг юқори кўрсаткичдир. Англия банки ўсиш 7,3 фоизга тенг бўлади дея прогноз қилганди. Бу ҳақда Bloomberg мамлакат Миллий статистика бошқармаси маълумотларига таяниб хабар берди.
Бу, шунингдек G7 — «Катта еттилик» давлатлари орасида ҳам энг яхши натижа ҳисобланади. АҚШ ялпи ички маҳсулоти дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йилда 5,7 фоизга, Германия ялпи ички маҳсулоти эса 2,7 фоизга ўсган.
Хабарга кўра, тўртинчи чоракда ҳам Буюк Британия ялпи ички маҳсулоти пандемия бошланишидан аввалги — 2019 йил охирига қараганда ҳали камроқ эди. 2020 йилдаги инқироз йилида мамлакат ялпи ички маҳсулоти 9,4 фоизга камайган.
«ЯИМ бўйича бундай маълумотлар билан боғлиқ ҳолда, Англия банки инфляцияни жиловлаш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттиради ва келгуси ойларда фоиз ставкаларининг янада ошиши кутилмоқда», дея ёзади нашр.
Англия банки асосий ставкани кетма-кет икки марта, декабрь ва февраль ойларида 0,5 фоизга оширди. 2021 йил декабрь ойида мамлакатда йиллик инфляция 5,4 фоизгача тезлашди, Англия банкининг мақсади 2 фоизлик инфляцияни ушлаб туришдир.
Шунингдек, декабрь ойида ЯИМ «омикрон» штами тарқалиши туфайли 0,2 фоизга камайди, бироқ пасайиш иқтисодчилар кутганидан камроқ бўлди.
Bloomberg’нинг ёзишича, мамлакат иқтисодиётининг тезлик билан тикланишига инқироз даврида иш ўринлари ва бизнесни қўллаб-қувватлаш учун ҳукумат томонидан ажратилган миллиардлаб фунт ёрдам кўрсатган.
«Буюк Британия иқтисодиёти декабрь ойида биз кутганимиздан кўра кўпроқ «омикрон» штаммига чидамлилигини кўрсатди», — дея изоҳлади Bloomberg Economics мухбири Дэн Хэнсон.
Аввалроқ АҚШда январь ойидаги инфляция 40 йиллик рекордни янгилагани хабар қилинганди. Шунингдек Россия иқтисодиёти 11 йиллик пасайишдан сўнг 2021 йил ўсиш қайд этгани ҳақида хабар берилганди.






