Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

АҚШ россиялик бизнесменларни санкцияларни четлаб ўтишга уринишдан огоҳлантирмоқда

Сўнгги бир ой ичида россияликлар орасида ўз капитали ва пул ўтказмаларини яширишга уринишлар кўпайган.

Фото: «РБК»

АҚШ Молия вазирлиги россиялик ишбилармонлар ва компанияларнинг молиявий операцияларини Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларини четлаб ўтишга уриниш бўйича текширмоқда. Бу ҳақда Financial Times хабар берди.

Маълум қилинишича, Вашингтон сўнгги бир ой ичида — Россиянинг Украинадаги уруши бошлангани ва унга жавобан санкциялар қўлланганидан бери ўз капитали ва пул ўтказмаларини яширишга уринишлар кўпайганини пайқаган. Шунингдек, АҚШ расмийлари ҳали чекловларга дуч келмаган, аммо санкцияларга учраганларга «моддий ёрдам» таклиф қилаётганларни кузатиб бормоқда.

Қайд этилишича, Россия банклари ва компаниялари ҳозирда таниқли схемалар — капитални алоқадор томонларга ўтказиш ва қобиқ компанияларини яратиш усулларини ўзлаштирмоқда. Санксияни бузувчилар учун АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия томонидан чекловларни мувофиқлаштирилгани туфайли нафақат АҚШ молия тизимига, балки евро ва фунт бозорларига ҳам кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлиш хавфи мавжуд.

Бундан ташқари, АҚШ Россия Қуролли кучлари ва ҳарбий-саноат комплексини ишлаб чиқаришда муҳим роль ўйнайдиган хорижий компонентлар билан таъминлашни тўхтатмоқчи. Шунинг учун санкциялар «таъминот занжирларидаги асосий тугунлар»га қаратилмоқда.

«Чекловлар Россияга санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берадиган давлатларга ҳам таҳдид солади», — деди FT манбаси.

Унинг сўзларига кўра, АҚШнинг иттифоқчилар билан ўзаро муносабати бошқа давлатларга ҳамкорлик қилишдан ёки ўз соҳаларида АҚШдан келган технологияларни йўқотишдан бошқа чора қолдирмайди.

Россиянинг бир қанча бадавлат тадбиркорлари, жумладан Алексей Мордашов, Роман Абрамович, Михаил Фридман ва Петр Авен, шунингдек, бир қатор йирик банклар (жумладан, «ВТБ», «Промсвязьбанк» ва «Откритие»), давлат компаниялари ва уларнинг раҳбарлари, шу билан бирга депутатлар ва ҳукумат аъзолари АҚШ ёки бошқа Ғарб давлатларининг турли санкцияларга дуч келди.

Шунингдек, Европа Марказий банки раҳбари Кристин Лагард россияликлар санкцияларни четлаб ўтиш учун криптовалюталардан фойдаланаётганини маълум қилди.

«Криптовалюталарга айирбошланадиган рубль ҳажми 2021 йилнинг май ойидан бери максимал даражага етди», — деди у.

Аввалроқ «Касперский лабораторияси» АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдидлар рўйхатига киритилгани хабар қилинганди. Шунингдек, АҚШ Зеленскийнинг маслаҳати билан Абрамовичга қарши санкция қўлламагани ҳақида хабар берилди.