HUMO терминаллари ва тўлов иловалари 5 апрель куни вақтинча чекланди. Бу ҳақда тўлов тизими матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 5 апрель соат 12:30 дан 13:00 гача терминалларни HUMO процессингига улашда қисқа муддатли қийинчиликлар юзага келди. Соат 13:00 га келиб бу ҳолат бартараф этилди ва HUMO карталари билан барча операциялар қайта тикланди.
Бироқ, соат 15:00 дан кейин карталардан маблағларнинг икки марта ечиб олиш ва муваффақиятсиз транзакциялар натижасида ҳам икки марта ечиб олишлар кузатилди.
Келажакда бу каби хавфлар ва носозлик ҳолатлари такрорланмаслиги учун вазият сабаблари тўлиқ аниқланиб, бартараф этилгунига қадар HUMO ўз терминаллари ва тўлов иловаларини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
«Миллий банклараро процессинг маркази юзага келган ноқулайликлар учун узр сўрайди», дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ҳозирда мобил иловаларнинг ишлаши қисман тикланган, яқин вақт ичида HUMO’нинг бошқа барча хизматлари тўлиқ ҳажмда ишлай бошлайди.
Аввалроқ Humo банкоматлари контактсиз ишлай бошлагани хабар қилинганди. Шунингдек, UZCARD контактсиз тўлов амалга оширадиган янги картани намойиш этгани ҳақида хабар берилди.


