Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Жаҳон миқёсида давлат қарзлари 2022 йил рекорд даражага етиши мумкин

Маълумотларга кўра, 2021 йили барча мамлакатларда қарз олишнинг ўсиши кузатилган.

Фото: «en.yibada.com»

Дунёдаги барча мамлакатларнинг давлат қарзи ҳажми 2022 йилда 9,5 фоизга ошиб, рекорд даражадаги 71,6 триллион долларни ташкил этади. Бу ҳақда Буюк Британия бошқарув компанияси Janus Henderson томонидан ўтказилган Sovereign Debt Index тадқиқотида сўз боради.

Қайд этилишича, 2021 йилда жаҳон давлат қарзи 7,8 фоизга ошиб, 65,4 триллион долларни ташкил қилди, тадқиқотда қамраб олинган барча мамлакатларда қарз олишнинг ўсиши кузатилди.

Айни пайтда, қарзларни тўлашнинг умумий қиймати 1,01 триллион долларга тушди, яъни ҳақиқий ставка атиги 1,6 фоизни ташкил этди.

Таъкидланишича, 2022 йилда жаҳон миқёсидаги давлат қарзини сўндириш харажатлари 14,5 фоизга ошиб, 1,16 триллион долларга етиши кутилмоқда.

Janus Henderson таҳлилчиларининг фикрича, Англия банкининг юқори фоиз ставкалари ва инфляция билан боғлиқ бўлган ўзгарувчан ставкаларга эга давлат қарзининг катта миқдори туфайли Буюк Британия бошқа мамлакатларга қараганда кўпроқ қарз олиш харажатларига дуч келади. Февраль ойида ички истеъмол нархлари 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 6,2 фоизга ўсди, бу 1992 йил мартидан бери энг тез суръатдир.

«Украинадаги воқеалар муносабати билан мудофаа учун давлат харажатларини кескин ошириш зарурати туфайли Европа давлатлари ҳам фаол равишда давлат облигацияларини жойлаштиради», — деди компания портфель менежери Бетани Пейн.

Аввалроқ Жаҳон банки Украинадаги уруш туфайли дунёда қашшоқлик даражаси ортишидан огоҳлантиргани хабар қилинганди. Шунингдек, Лондон IPO бозори учун 2022 йил боши сўнгги 13 йилдаги энг ёмони бўлгани ҳақида хабар берилди.