Франция ҳукумати санкция қўлланилган шахсларга тегишли 40 дан ортиқ мулкни музлатиб қўйди, жумладан, россиялик миллиардер Роман Абрамовичга қарашли виллани ҳам. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри ёзмоқда.
Бошқа мулклар қаторида, Британия қироли Эдвард VIII тахтдан воз кечганидан кейин яшаган, Франция Ривиерасида жойлашган «Шато де ла Круа» вилласи «музлатилган». Абрамович бу мулкни 2009 йилда сотиб олганди.
Бундан ташқари, Франция ҳукумати Абрамович билан боғлиқ бошқа мулкларни, жумладан, Франциянинг хориждаги ҳамжамияти мақомига эга бўлган Кариб денгизидаги Цент-Барт оролини ҳам «музлатиб» қўйган.
Абрамовичга нисбатан санкциялар
Аввалроқ Жерси Қироллик суди Абрамовичга алоқадор деб ҳисобланган активларни музлатиш учун рухсатнома (saisie judiciaire) берган эди. Блокланган активларнинг қиймати 7 миллиард доллардан ортиқ баҳоланмоқда. Улар Жерсида жойлашган ёки оролда рўйхатдан ўтган ташкилотларга тегишли.
10 март куни 55 ёшли миллиардер Британия санкцияларига учради (15 март куни Европа Иттифоқи миллиардерни санкциялар рўйхатига киритди). Жерси ороли ўз маъмуриятига эга, аммо Британия тожининг мулки ҳисобланади. Орол маъмурияти Буюк Британия санкцияларига амал қилишини таъкидлади.
Кейинчалик АҚШ Абрамовичга нисбатан санкциялар киритиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Рокки тоғида жойлашган, россиялик миллиардер Роман Абрамовичга тегишли сарой, агар у Украинадаги урушга жавобан Оқ уй санкциялари остида қолса, АҚШ ҳукумати томонидан музлатилган биринчи активлардан бири бўлиши мумкин.


