Ўзбекистондаги топ-10 тижорат банкларидаги аҳоли омонатларининг юқори фоиз ставкалари ўртача ўртача 21,9 фоизни ташкил қилди. Бу ҳақда Марказий банк хабар бермоқда.
Банк тизимидаги ТОП-10 тижорат банкининг юқори фоиз ставкалари бўйича навбатдаги мониторинг амалга оширилган. 2022 йил 1 апрель ҳолатида ушбу банклардаги аҳоли омонатларининг юқори фоиз ставкалари 20-22 фоиз атрофида шаклланиб, ўртача 21,9 фоизни ташкил қилган.
Регуляторнинг эслатишича, аҳоли омонатлари бўйича юқори фоиз ставкаларини аниқлашда барча мижозлар, шу жумладан, потенциал мижозлар учун оммабоп, чекловлар ва олдиндан шартлар мавжуд бўлмаган банк омонатларининг юқори ставкалари ҳисобга олинган.
Алоҳида тоифадаги мижозлар (пенсионер, болалар, талабалар ва ҳоказо) учун мўлжалланган ҳамда капитализация қилинадиган омонатлар ҳисобга олинмаган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил декабрь ойида Марказий банкда омонат хизматларини кўрсатишдаги камчиликлар кўриб чиқилганди. Шунингдек, банк ходимлари томонидан омонатлар ҳақида истеъмолчиларга берилаётган маълумотлар ва банкнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилган маълумотлар ўртасида фарқ мавжудлиги, ходимларнинг омонат хизматларини кўрсатиш бўйича етарли билим ва малакага эга эмаслиги билан боғлиқ ҳолатлар муҳокама қилинганди.


