АҚШдаги энг йирик давлат пенсия жамғармаси CalPERS Berkshire Hathaway раиси Уоррен Баффетнинг лавозимидан кетиши учун овоз беради. Бу ҳақда Reuters агентлиги фонд ҳужжатларига таяниб ёзмоқда.
Агентликнинг аниқлик киритишича, ташкилот Баффетни бош директор лавозимида сақлаб қолиш учун овоз бериш ниятида.
Berkshire’нинг яна бир акциядори — Миллий ҳуқуқ ва сиёсат маркази март ойида директорлар кенгаши раҳбари ва бош директор лавозимларини ажратишни таклиф қилганди. Унинг фикрича, директорлар кенгаши раиси ва бош директорнинг роли бу лавозимлар бир киши томонидан бирлаштирилганда аҳамиятсиз бўлиб қолади.
Berkshire Hathaway бу таклифга қарши чиқди. Компаниянинг фикрича, Баффет хизмат қила олар экан, у иккала лавозимни ҳам эгаллаши керак.
Reuters ва Bloomberg маълумотларига кўра, CalPERS 450 миллиард долларлик активларга эга, шундан 2,3 миллиард доллардан ортиғи Berkshire акцияларига тўғри келади.
Маълумот учун, 91 ёшли Баффет 1965 йилдан бери Berkshire’га раҳбарлик қилиб келади. Вазифасини бажара олмай қолганда унинг ўрнини ким эгаллаши ҳақидаги миш-мишлар 15 йилдан ортиқ вақтдан бери тарқалиб келмоқда.
Berkshire Hathaway
Berkshire Hathaway узоқ вақтдан бери технология компанияларига сармоя киритишда эҳтиёткор бўлиб келган, бироқ 2016 йилда компания Apple’нинг 1 миллиард долларлик улушини сотиб олди ва 2021 йил охирига келиб у 5,6 фоизга ошди. Ўша пайтда у тахминан 161 миллиард долларга баҳоланган ва Berkshire’нинг энг йирик активларидан бири эди.
Март ойида эса Berkshire Hathaway 2016 йилдан кейинги энг йирик битимини ёпиб, Alleghany суғурта компаниясини 11,6 миллиард долларга сотиб олишга рози бўлди.
Шунингдек, ташкилот компьютер ва принтерлар ишлаб чиқарувчи HP компаниясининг 11 фоиздан ортиқ улушини сотиб олди.
Баффет Forbes-2022 маълумотларига кўра дунёнинг бешинчи энг бой одами саналади. Рўйхат тузилган пайтда унинг бойлиги 118 миллиард долларга баҳоланган эди.


