Ўзбекистонда ижорат банклари таклиф этаётган муддатли депозитлар ставкалари 20,9 фоизгача ошди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар бермоқда.
Регуляторнинг таъкидлашича, асосий ставканинг 17 фоизгача оширилиши қисқа муддатли ресурслар бозори фоиз ставкаларида ҳам ўз аксини топмоқда.
Қайд этилишича, тижорат банклари томонидан аҳолига таклиф этилаётган муддатли депозитларнинг ставкалари ҳам жорий пул-кредит шароитларидан келиб чиқиб ўртача тортилган фоиз ставкалар март ойи якунлари бўйича 20,9 фоизгача ошди (январь ойида 20,2 фоиз). Регуляторга кўра, бу «миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича ўсиш суръатларининг қайта тикланишига хизмат қилмоқда».
«Хусусан, апрель ойининг биринчи ярмида аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлар ҳажми 5 фоизга ўсди (март ойининг мос даврида 1,3 фоизга пасайган)», дейилади хабарда.
Умуман олганда сўмдаги активлар баҳосининг нисбий устунлиги мавжудлиги шароитида 20 апрель ҳолатига аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлар ҳажми йил бошидан 14 фоизга ошган.
Аввалроқ Ўзбекистондаги энг фаол банклар рейтинги эълон қилинганди.


