Ўзбекистон Марказий банки журналист ва блогерлар томонидан йўлланган саволларга жавоб бериб ўтди. Улар орасидаги саволларнинг бирида Россиянинг етакчи банклари SWIFT’дан ўчирилгани Ўзбекистон банкларига таъсири ҳақида сўралди.
Асосий савдо ҳамкоримиз бўлган Россия банклари билан халқаро ҳисоб-китоблар қандай амалга оширилмоқда? Россиянинг етакчи банклари SWIFT’дан ўчирилгандан кейин бизнинг банкларимизда қандай муаммолар вужудга келди ва улар қандай ҳал қилинади?
— Таъкидлаш жоизки бугунги кунда тижорат банклари томонидан мижозларининг Россия ва Беларусь давлатларида рўйхатдан ўтган хорижий ҳамкорлар билан тузилган барча экспорт-импорт шартномалари инвентаризациядан ўтказилмоқда.
Шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан ташқи савдо амалиётларни ўтказишда тижорат банклари томонидан санкциялар рўйхати доимий равишда янгиланиб, ўз мижозларига қатъий санкцияларга тушмаган ҳамкорлар ва банклар билан молиявий муносабатларни амалга ошириш бўйича тавсиялар бериб келинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи Россиянинг Украинадага босқинига жавобан Россия банкларини SWIFT’дан узган. Иттифоқ (ЕИ) «ВТБ», «Россия» ва «Откритие» банклари, «Новикомбанк», «Промсвязьбанк», «Совкомбанк» ва «ВЭБ.РФ»ни SWIFT тизимидан узишга қарор қилган. Қарор ушбу банкларнинг 50 фоиздан ортиғига бевосита ёки билвосита тегишли бўлган ташкилотларга тегишли.


