Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Москва биржаси Ўзбекистон сўмида савдоларни йўлга қўйиши мумкин

РБК Москва биржаси матбуот хизматига сўров юборди.

Фото: Москва биржаси

Москва биржаси яқин келажакда бозорда мавжуд бўлган валюталар рўйхатини кенгайтиришни режалаштирмоқда. Улардан бири Ўзбекистон валютаси — сўм бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳақда РБК молия бозоридаги учта манбага таяниб хабар бермоқда.

Нашр суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, Арманистон драми ва Ўзбекистон сўмида савдони йўлга қўйиш муҳокама қилинмоқда. РБК Москва биржаси матбуот хизматига сўров юборган.

Ҳозирда биржада рублни 10 та хорижий валютага алмаштириш мумкин: АҚШ доллари, евро, Туркия лираси, Гонконг доллари, Беларусь рубли, Қозоғистон тенгеси, Швейцария франки, Британия фунти, Япония иенаси ва Хитой юанига.

«Мавжуд валюталар рўйхатини кенгайтириш мантиқий қадамдир, чунки биржадаги савдолар ҳажми пасайган», — дея тушунтиради манба.

РБКнинг Москва биржаси маълумотлари асосидаги ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йил апрель ойида доллар-рубль жуфтлиги бўйича ўртача кунлик савдо ҳажми 81,5 миллиард рублни, 2021 йил апрелида 242,9 миллиард рублни ташкил этган.

Кескин пасайиш норезидентлар учун Россия қимматли қоғозлари билан операцияларни тақиқлаш билан боғлиқ.

Илгари савдо ҳажмининг пасайишига фонд биржасида валюта сотиб олиш комиссияси ҳам таъсир кўрсатган: аввалига унинг ҳажми 30 фоизни ташкил этган, кейин эса 12 фоизга камайтирилган, апрель ойи бошида эса бекор қилинган.

Таққослаш учун, апрель ойида рубль-евро жуфтлиги бўйича ўртача кунлик савдо ҳажми 49 миллиард рублни, ушбу кўрсаткич бўйича учинчи ўринда турган юанда эса 13,7 миллиард рублни ташкил қилди. Бир йил олдин ушбу валюталар бўйича савдо ҳажми мос равишда 33,7 миллиард рубл ва 1 миллиард рубл даражасида эди.

Аввалроқ Ўзбекистондаги энг йирик тижорат банкларидан бири бўлган «Миллий банк» Москва биржасига 10 миллиард рубль миқдоридаги дебют облигацияларини жойлаштиришга тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабар берилганди.

Москва биржасининг эмитентлар ва ҳокимият органлари билан алоқалар бўйича бошқарувчи директори Владимир Гусаков биржа Ўзбекистоннинг яна бир қанча эмитентлари билан облигацияларни Мосбиржада жойлаштириш бўйича музокаралар олиб бораётганини айтганди.

Шунингдек, Россияда солиқ резиденцияси ва яшаш учун рухсатномаси бўлган «дўст» мамлакатлар, жумладан, Беларусь ва Қозоғистондан келган хорижий инвесторлар Россиядаги ўз ҳисобрақамларига кира олмаётгани ҳақида хабар берилди.