S&P Украинанинг хорижий валютадаги узоқ ва қисқа муддатли кредит рейтингларини пасайтирди. Узоқ муддатли рейтинг В- дан (молиявий мажбуриятлар бажарилган) ССС+ га (тўловларни амалга оширмаслик хавфи) туширилди.
Bloomberg маълумотларига кўра, агентлик шкаласи бўйича мамлакат Аргентина ва Мозамбик бир хил рейтингга эга. Қисқа муддатли рейтинг B дан C га туширилди (дефолт хавфи юқори).
S&P прогнози салбий. Агентликнинг фикрича, иқтисодга кўрган зарари ва солиқ йиғишлари туфайли Украинанинг давлат қарзини тўлаш имконияти энди халқаро молиявий ёрдам оқими барқарорлигига аввалгидан кўра кўпроқ боғлиқ.
S&P таҳлилчилари Россиянинг Украинага давом этишини тахмин қилмоқда. Агар у 2022 йилнинг иккинчи ярмида давом этса, экспорт, истеъмол ва сармоянинг пасайиши туфайли Украинанинг реал ялпи ички маҳсулоти 40 фоизга қисқаради.
Бир ҳафта олдин Moody’s Investors Service ҳам Украинанинг кредит рейтингини Cаа3 — энг паст даражага туширди. Бу эса Украина давлат қарзининг барқарорлиги учун хавфларнинг ортиши билан изоҳланди.
Украина Молия вазирлиги Киевнинг ташқи қарзига хизмат кўрсатишда ҳеч қандай муаммо йўқлигини маълум қилди.
«Бизга қарзни ҳисобдан чиқариш ва қайта тузиш керак эмас. Иқтисодиётнинг барқарор ишлашини таъминлаш учун келгуси бир неча ой ичида бизга молиявий кўприк керак. Украинанинг ташқи қарзларини тўлаш жорий йилдаги барча давлат қарзларини тўлашнинг 20 фоизини ташкил этади ва бизда унга хизмат кўрсатишда ҳеч қандай муаммо йўқ», — деди апрель охирида Украина молия вазири Сергей Марченко.
Россия ва дефолт
Moody’s ва S&P агентликлари март ойида Россиянинг кредит рейтингини дефолтдан олдинги даражага туширди.
Украинага ҳужумга жавобан жорий этилган санкциялар Марказий банкни халқаро заҳираларининг ярмидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум қилганидан кейин Россия ташқи қарзларини тўлашда қийналмоқда. Россияга қарзга хизмат кўрсатишга рухсат берувчи бош лицензия муддати 25 май куни тугади.
Лицензиясиз америкалик сармоядорлар Россиядан пул олиши, АҚШ молия институтлари эса тўловларни амалга ошириши мумкин эмас. Бу Россияни дефолтга яқинлаштиради, гарчи ундан қочиш учун ҳали имкониятлар мавжуд бўлса ҳам. Россия 1917 йилги инқилобдан бери ташқи қарзни тўлашдан бош тортгани йўқ эди.
«Доллар облигациялари бўйича навбатдаги купон тўловлари муддати тугаши билан июнь ойи охиригача Россия хорижий инвесторларга АҚШ лицензиясисиз ташқи қарзни тўлаш механизмини яратади», — деди 27 май куни Россия молия вазири Антон Силуанов.
Унга кўра, мамлакат ўз қарзларини рублда тўламоқчи.


