Олий мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида молия вазири Тимур Ишметов ҳамда депутат Гулбаҳор Саидғаниева ўртасида кичик тортишув юзага келди. Лавҳа UzReport телеканалида эфирга узатилди.
Гулбаҳор Саидғаниева «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида 2 минг нафар аҳолиси бор ҳудудларда 10 мингдан ортиқ овоз йиғилиши «сунъий овоз тўплашдан бошқа нарса эмаслигини», бу эса кўпчиликнинг эътирозларига сабаб бўлаётганини таъкидлади.
«Мен олдинги йиғилишларимизда ҳам таклифлар бергандим. ID тизимига ўтиш, бир нафар фуқарони 50 та сим-картаси бўлса ҳам, у бир мартадан ортиқ ва бир ҳудудда яшаётган фуқарони бошқа ҳудуд учун овоз бера олмаслиги тизимини ишлаб чиқиш бўйича таклифлар бергандим», — деди депутат.
Молия вазири Тимур Ишметов эса бунга жавобан депутатга кескин жавоб қайтарди.
«Менинг овозимни чеклашга нима ҳаққингиз бор? Мен ўзим яшаётган Миробод туманида бирорта лойиҳага овоз бермаганман. Лекин Мўйноқ туманидаги бир лойиҳага овоз бердим. Бу — менинг овозим. Сиз менинг бирор ҳудудга овоз беришимни чеклашга ҳаққингиз йўқ», — деди Ишметов.
Шундан сўнг Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов депутатнинг таклифи «жойлардаги ҳолат ва одамларнинг кайфиятини кўриб» айтилаётган таклиф эканини таъкидлади.
Тимур Ишметов депутат бир неча марта таклиф берган бўлса, бир неча марта жавоб қайтарилаётганини айтди.
«Керак бўлса, кўпгина жавоб берасиз», — деди Нурдинжон Исмоилов молия вазирига.
«Ташаббусли бюджет-2021»
Маълумот ўрнида, 2021 йилда ташаббусли бюджет жараёни давомида фуқаролардан келган таклифларни молиялаштириш учун 407,1 миллиард сўм йўналтирилди. 2021 йилда ўтказилган ташаббусли бюджет жараёни давомида фуқаролар томонидан жами 41 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган ва ушбу таклифларга 1,1 миллиондан ортиқ фуқаролар ўз овозларини берган.
Натижада мамлакат бўйлаб қарийб 1600 та таклифлар ғолиб деб топилган ҳамда ушбу таклифларни молиялаштириш учун «Фуқаролар ташаббуси жамғармаси» маблағлари хисобидан жами 407,1 миллиард сўм йўналтирилган.
Очиқ бюджет ахборот портали
Очиқ бюджет ахборот портали Ўзбекистоннинг бюджет тизими бюджетлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими ахборотига кириш ва Ўзбекистонда бюджет жараёнини ташкил этиш тўғрисида тегишли ахборотни тақдим этишни мақсад қилган.


