Аҳолининг фуқаролик ташаббусларига 2021 йил қанча маблағ йўналтирилгани маълум бўлди
Таклифларнинг аксарият қисми ички йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ.

2021 йилда ташаббусли бюджет жараёни давомида фуқаролардан келган таклифларни молиялаштириш учун 407,1 миллиард сўм йўналтирилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2021 йилда ўтказилган ташаббусли бюджет жараёни давомида фуқаролар томонидан жами 41 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган ва ушбу таклифларга 1,1 миллиондан ортиқ фуқаролар ўз овозларини берган.
Натижада мамлакат бўйлаб қарийб 1600 та таклифлар ғолиб деб топилган ҳамда ушбу таклифларни молиялаштириш учун «Фуқаролар ташаббуси жамғармаси» маблағлари хисобидан жами 407,1 миллиард сўм йўналтирилган.
Маълум қилинишича, ғолиб деб топилган таклифларнинг аксарият қисми яъни, 400 га яқин (жами таклифларга нисбатан 26 фоизи) айнан ички йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ муаммоларни ўзида акс эттирган. Йил якунларига кўра ғолиб деб топилган таклифлар доирасида ҳудудларда қарийб 300 километр ички йўллар ва пиёдалар йўлаклари таъмирланган.
Жумладан, биргина Қашқадарё вилоятининг ўзида 46 та таклиф доирасида 13,1 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилиб, натижада 37,8 километр йўлларда таъмирлаш ишлари олиб борилган. Шундан, қарийб 28 километрда йўллар асфальт қоплама билан қопланган бўлса, 10 километрга яқин тупроқли йўлларга шағал ётқизилган.
Қуйида ҳудудлар кесимида мамлакат бўйлаб таъмирланган ички йўллар тўғрисида маълумот билан танишиш мумкин:
Маълумот учун, жорий йилда Ташаббусли бюджет жараёнлари икки маротаба — феврал ҳамда июль ойларида ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу тадбирлар доирасида 1,5 триллион сўмдан ортиқ маблағлар фуқароларнинг фикри асосида йўналтирилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2021 йил «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларига қанча маблағ сарфлангани ҳақида хабар берилганди.






