Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини рақамлаштиришга Жаҳон банки ҳисобидан 20 млн доллар ажратилади

Халқаро қишлоқ хўжалиги университетини ташкил этиш, Тошкент давлат аграр университетини модернизация қилиш учун ҳам маблағлар ажратилади.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш учун Жаҳон банки лойиҳаси ҳисобидан 20 миллион доллар маблағ йўналтирилади. Бу ҳақда Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида сўз боради.

Қайд этилишича, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Жаҳон банки иштирокидаги «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш» лойиҳаси ҳисобидан қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш лойиҳалари учун 20 миллион доллар йўналтириш чораларини кўради.

Шунингдек, Халқаро қишлоқ хўжалиги университетини ташкил этиш, Тошкент давлат аграр университетини модернизация қилиш учун Жаҳон банки иштирокидаги лойиҳа ҳисобидан 17 миллион доллар, Европа Иттифоқининг «Бюджетни қўллаб-қувватлаш» дастури маблағлари ҳисобидан 6 миллион доллар ажратилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Халқаро картошкачилик маркази (CIP) билан ҳамкорликда картошканинг серҳосил, касаллик ва зараркунандаларга, сувсизликка, шўрга чидамли навлари селекцияси ҳамда уруғчилигини йўлга қўйиш учун қўшма лойиҳани амалга оширади.

Аввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистонда умумий қиймати қарийб 5 миллиард долларга тенг 25 та лойиҳани ҳаётга татбиқ этиши ҳақида хабар берилганди.