Жаҳон банки Ўзбекистонда 5 млрд долларлик лойиҳалар амалга оширади
ЖБнинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури муҳокама қилинди.

Жаҳон банки Ўзбекистонда умумий қиймати қарийб 5 миллиард долларга тенг 25 та лойиҳани ҳаётга татбиқ этади. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 18 январь куни Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли бошчилигидаги банк делегациясининг Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари ҳудудий бошқарув, ижтимоий соҳа вакиллари, тадбиркорлар ҳамда жамоатчилик вакиллари билан онлайн учрашувлари бўлиб ўтган.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги маълумотларига кўра, учрашувларда томонлар Жаҳон банкининг 2022–2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик Дастурини муҳокама қилган.
Бундан ташқари, учрашувларда Жаҳон банки гуруҳининг 2016–2021 молиявий йиллардаги Ўзбекистон билан ҳамкорлик дастурини амалга ошириш натижалари, эришилган муваффақиятлар, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги жорий дастури портфели (2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, умумий қиймати қарийб 5,0 миллиард доллар миқдоридаги 25 та лойиҳа), янги ҳамкорлик дастурини шакллантиришда асосий йўналишлар бўйича таклифлар ҳам муҳокама қилинган.
Жаҳон банкининг 2022–2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик Дастурини муҳокама этиш мақсадида Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари вакиллари билан ҳам учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 ноябрдаги фармойишига мувофиқ, Жаҳон банки билан ҳамкорликда 2022–2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик Дастурини тайёрлаш, уни мамлакат тараққиёт Стратегияси билан уйғунлаштириш мақсадида ҳамкорликнинг 10 устувор йўналишида 10 та ишчи гуруҳ шакллантирилган.
Аввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистонга 400 миллион доллар кредит ажратиши хабар қилинганди.






