Ўзбекистонга 2022 йилнинг январь-май ойларида чет давлатлардан 4,19 миллиард доллар пул ўтказилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2022 йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистонга келиб тушган халқаро трансчегаравий пул ўтказмалари 4,19 миллиард долларни ташкил этиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 61 фоизга (1,58 миллиард доллар) ошган.
Маълум қилинишича, 2022 йил январь-май ойларида тижорат банклари томонидан жисмоний шахслардан жами 4,32 миллиард доллар валюта сотиб олинган. Бу 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 59 фоиз (1,60 миллиард доллар)га кўп.
Шунингдек, тижорат банклари орқали жисмоний шахсларга жами 2,84 миллиард доллар валюта сотган. Бу 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 70 фоиз (1,17 миллиард доллар)га кўп.
Аввалроқ Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов Ўзбекистонда нақд доллар ёки евро тақчиллиги ҳолатлари кузатилмаётганини маълум қилганди.


