Украинанинг энг бой одами Ринат Ахметов медиа бизнесини тарк этади. Бу ҳақда Ахметовнинг SCM инвестиция компанияси сайтида хабар берилди.
Маълум қилинишича, у ўз қарорини Украинада қабул қилинган олигархлар ҳақидаги — «Жамият ҳаётида муҳим иқтисодий ва сиёсий аҳамиятга эга бўлган шахсларнинг ҳаддан ташқари таъсири билан боғлиқ миллий хавфсизликка таҳдидларнинг олдини олиш тўғрисида»ги қонун билан изоҳлаган.
«Мен SCM инвестиция компаниясини медиабизнесдан олиб чиқишга мажбур бўлдим», — деди Ахметов.
Media Group Ukraina ўз телеканаллари ва босма оммавий ахборот воситалари лицензияларини давлатга ўтказади, онлайн оммавий ахборот воситалари ишини тўхтатади.
Миллиардернинг тушунтиришича, унинг SCM инвестиция компанияси олти ойлик қонуний муддат ва Россиянинг Украинага ҳужуми туфайли медиабизнесни бозор шартларида сота олмаган.
Шунингдек, Ахметов ҳеч қачон олигарх бўлмаганини таъкидлади.
Media Group Ukraina таркибига «Украина» ва «Украина 24» миллий телеканаллари, НЛО TV ёшлар телеканали, «Футбол 1/2/3» телеканаллари, «Украина 1/Украина 2» ва NLO TV 1/NLO TV 2 халқаро каналлари, Segodnya.ua ва Vogue онлайн нашрлари киради.
Маълумот учун, Ринат Ахметовнинг бойлиги 2021 йилда 7,6 миллиард долларга баҳоланганди. Ҳозирги кунда, Forbes Real Time маълумотларига кўра, унинг бойлиги 4,2 миллиард долларни ташкил этади.


