Россиялик миллиардерлар Украинадаги ҳарбий амалиётлар туфайли қанча бойлик йўқотгани маълум бўлди
Энг кўп бойлик йўқотган «Лукойл» эгаси — Вагит Алекперов бўлди.

Россиялик миллиардерлар Украинадаги ҳарбий амалиётлар туфайли бир суткада қарийб 40 миллиард доллар йўқотди. Бу ҳақда Forbes хабар берди.
Россиянинг Украинадаги ҳарбий операцияси бошланганидан кейин фонд бозори қулаши ортидан йирик россиялик ишбилармонларнинг бойликлари қулаши кузатилди. Нефть нархи кескин ошганига қарамай, энг катта ютқазган «Лукойл»нинг эгаси Вагит Алекперов бўлди. Унинг бойлиги 5 миллиард доллардан кўпроққа қисқарган.
Таъкидланишича, россиялик миллиардерлар бир суткада 38,162 миллиард доллар йўқотган (Москва вақти билан соат 13:00 ҳолатига кўра). Буни Forbes Real Time маълумотлари тасдиқлайди.
Қайд этилишича, Россия 24 февраль куни эрталаб Украинада ҳарбий амалиёт бошлаган. Москва биржаси индекси 45 фоиздан ортиққа пасайиб, 2016 йил боши даражасига тўғри келадиган минимал 1700 пунктнинг мутлақ қийматига етган.
Ушбу янгиликлар фонида Лондон ICE биржасида Brent маркали нефтнинг апрель фючерслари нархи 2014 йил сентябрь ойидан бери биринчи марта бир баррель учун 104 доллардан ошди. Шунга қарамай, «Лукойл» эгаси Вагит Алекперовнинг бойлиги 5,4 миллиард долларга қисқариб, 19,5 миллиард долларни ташкил этди.
«Новатэк» эгалари ҳам зиён кўрган: 22 февраль куни Британия санкциялари остида қолган Геннадий Тимченко ва унинг бизнес шериги Леонид Михелсон — уларнинг бойлиги мос равишда 3,9 миллиард долларга (19,8 миллиард долларгача) ва 4 миллиард долларга (23,6 миллиард долларгача) камайди.
«Северсталь» эгаси, маҳаллий металлургларнинг энг бойи Алексей Мордашов 3,5 миллиард доллар йўқотди — унинг бойлиги 25,8 миллиард долларга қисқарди. «Норникель» эгаси Владимир Потанин 3,3 миллиард доллар йўқотди, унинг бойлиги 24,6 миллиард долларгача қисқарди.
Бундан ташқари, 24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин видеомурожаат қилиб, Украинада ҳарбий операция бошланганини маълум қилди. У операция вазифасини «саккиз йил давомида Киев режими томонидан безорилик ва геноцидга учраган одамларни ҳимоя қилиш» деб атади ҳамда Россия «Украинани демилитаризация қилиш ва нацистлардан тозалашга» интилишини маълум қилди.
Кейинроқ Россия Мудофаа вазирлиги Украина Қуролли кучларининг ҳарбий инфратузилмаси, ҳаво ҳужумига қарши мудофаа иншоотлари, ҳарбий аэродромлари ва авиацияси йўқ қилиниши орқали яроқсиз ҳолга келгани ҳақида хабар берди.
Шундан сўнг халқаро савдоларда доллар ва евро ўзининг тарихий максимум кўрсаткичларини янгилади. Доллар 89,85 рублгача, евро эса 100,92 рублгача кўтарилди. Шунингдек, Россия банки валюта интервенцияларини эълон қилди, натижада доллар 83,27 рублгача, евро 93,49 рублгача туширилди.






