Асосий мазмунга ўтиш
10август · Душанба USD 11 952,10 ▲ +0,3% EUR 13 779,58 ▲ +0,2% RUB 145,21 ▼ −0,7% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

БАА россияликларга қарши санкциялар бўйича АҚШ билан маслаҳатлашувлар ўтказади

«Иқтисодиётимиз долларга боғланган, шу сабаб ушбу музокаралар биз учун муҳим», — дейди БАА Президентининг дипломатик маслаҳатчиси.

Бирлашган Араб Амирликлари россияликларга қарши санкциялар қўллаш масаласида Қўшма Штатлар билан «интенсив» маслаҳатлашувлар олиб бормоқда, бироқ Амирликлар барча россияликларни бир тоифага «киритишни» хоҳламайди. Бу ҳақда Reuters нашри БАА Президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг дипломатик маслаҳатчиси Анвар Гаргашга таяниб хабар берди.

Президент маслаҳатчиси «санкцияга учрамаган ва хавфсизроқ бошпаналар қидираётган кўплаб россияликлар борлигини» таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, бундай россияликларнинг Украинага ҳужум билан «ҳеч қандай алоқаси йўқ» ва шу боис уларни Ғарб давлатларининг санкциялари остида қолган бошқа руслар билан бир тоифага киритиб бўлмайди.

«Иқтисодиётимиз долларда боғланган, шу сабаб ушбу музокаралар биз учун муҳим», — дейди Анвар Гаргаш АҚШ билан келишувлар ҳақида.

Reuters агентлиги июнь ойида санкцияларга тушган миллиардер Андрей Скочга тегишли супер яхта Дубайда ушлаб қолинганини ёзган эди.

«Бизда инсонларни санкциялар рўйхатига киритиш бўйича соғлом алоқаларимиз бор ҳамда санкцияга тушмаган россияликларнинг кўпчилиги ўзи ва улар яшаган жойларда кўрган душманликдан хавотирга тушганлардир», — дея қўшимча қилган Гаргаш.

Шунингдек, БАА Президенти маслаҳатчиси санкцияга тушмаган шахслар «хоҳлаган нарсасини қилишда эркин» эканини айтиб ўтди.

Ғарб давлатлари Россияга қарши фаол санкциялар жорий этаётган бир пайтда БАА бетарафликни сақлаб, Россия билан ҳамкорликни давом эттирмоқда.

Хусусан, март ойи бошида БАА ташқи ишлар вазири Шайх Абдулла бин Зоид Ол Наҳаён Украинадаги уруш фонида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини муҳокама қилди.

Бундан ташқари, Россия нефтига қарши санкциялар жорий этилаётган бир пайтда БАА расмийлари Россиянинг OPEC+ дан чиқарилишига эътироз билдирди ва «Россия коалициянинг муҳим аъзоси» эканини таъкидлади.

АҚШнинг Forbes журнали апрель ойида россиялик ишбилармонлар Ғарб санкцияларидан қочиш мақсадида Дубайдан уй қидираётгани ҳақида хабар берган эди.

Business Insider нашри улар БАА ҳокимиятининг йирик сармоя эвазига «олтин виза» берувчи махсус дастуридан фойдаланишлари мумкинлиги ҳақида ёзди.

Bloomberg 2022 йил март ойида манбаларига таяниб, миллиардер Роман Абрамович Дубайда янги уй қидираётгани ҳақида хабар берди. Аммо кейинчалик тадбиркорнинг вакили бу маълумотни рад этди.

Аввалроқ Россиялик миллиардерлардан Андрей Мельниченко БАА фуқаролигини олгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир: