Асосий мазмунга ўтиш
10август · Душанба USD 11 952,10 ▲ +0,3% EUR 13 779,58 ▲ +0,2% RUB 145,21 ▼ −0,7% Маълумот: Марказий банк
Таҳлил

Таҳлил: АКТ Ўзбекистонда аҳоли реал даромадларининг ўсишига қандай ҳисса қўшмоқда?

ПМТИ экспертлари АКТ Ўзбекистонда аҳоли реал даромадларининг ўсишига қандай ҳисса қўшаётгани ҳақидаги таҳлилни Kommers.uz'га тақдим этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари ахборот-коммуникация технологиялари Ўзбекистонда аҳоли реал даромадларининг ўсишига қандай ҳисса қўшаётганини ҳисоблади. Институт таҳлилий материални Kommers.uz’га тақдим этди.

Ахборот-коммуникация технологиялари одамларга мулоқот қилиш, ёрдам излаш, ахборот ва таълим олишнинг янги, яхши ва тезкор усулларини тақдим этган ҳолда ҳаётнинг барча жабҳаларига кириб бормоқда. АКТ ҳамма жойда мавжуд бўлишидан ташқари, катта иқтисодий аҳамиятга ҳам эга. 

IDC консалтинг компаниясининг тадқиқотларига кўра, 2020 йилда глобал ахборот технологиялари саноати 5 триллион доллардан ошган. АКТ реал даромадларнинг ўсишига бир неча йўллар орқали ижобий таъсир кўрсатади: масалан, таълим тизимига (онлайн дарслар ва курсларни жорий этиш орқали, молия ташкилотлари фаолиятининг кенгайииши, ишсизликнинг қисқаришига (янги касблар ва иш ўринлари, жумладан онлайн-маконда, ташкил этилиши орқали таъсир қилади.

Оптик толали алоқа линиялари узунлигининг 100 километрга ортиши аҳоли реал даромадларининг 1,43 фоизга ўсишида ёрдам беради. Интернетдан фойдаланувчилар сонининг 1 фоиз пунктига кўпайиши аҳоли реал даромадларининг 0,9 фоизга ошишига олиб келади.

Сўнгги бир неча ўн йиллик давомида бутун дунёда АКТ хизматлари жадал суръатлар билан ўсди. 2020 йилда глобал АКТ харажатлари тахминан 4,9 триллион долларни ташкил этган бўлса, 2023 йилга бориб бу кўрсаткич 5,8 триллион долларгача ошиши кутилмоқда.

Халқаро электр алоқаси иттифоқининг (International Telecommunication Union — ITU) 2021 йилдаги ҳисоботига кўра, пандемия даврида интернетнинг тарқалиши тезлашган. Агар 2019 йилда 4,1 миллиард киши (ер юзи аҳолисининг 54 фоизи) интернетдан фойдаланган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 4,9 миллиард кишига (дунё аҳолисининг 63 фоизи) етди. 

Бироқ дунё аҳолисининг 37 фоизи ушбу имкониятга эга эмас. Уларнинг кўпчилиги ривожланаётган мамлакатларда яшайди. Шундай қилиб, 2021 йилда оптик толали алоқа орқали уланган абонентларининг ўртача сони ҳар 100 кишига 17 тага етди.

Замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш, таълим жараёнини онлайн платформаларга ўтказиш таълим соҳасида тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Дунёдаги энг машҳур онлайн таълим платформаларидан бири Coursera’ни мисол қилиб келтириш мумкин.

Масалан, 2016 йилда Coursera платформасида 21 миллион киши рўйхатдан ўтган бўлса, кейинги 2 йилда бу рақам ҳар йили 7 миллионга кўпайган. Дунё мамлакатларида коронавируснинг тарқалиши ва карантин чекловларининг жорий этилиши аҳолининг масофадан таълим олишга қизиқишини оширди. 

Шундай қилиб, пандемия шароитида янги рўйхатга олинганлар сони уч баравар кўпайди. Натижада бу кўрсаткич 2020 йилда 71 миллионга, 2021 йилда эса 92 миллионга етди.

Рақамли молиявий хизматлардан (РМХ) фойдаланиш харажатларини камайтириш, транзакцияларнинг тезлиги, хавфсизлиги ва шаффофлигини ошириш, шунингдек, мамлакат аҳолиси учун қулайликни ошириш имконини беради. Бугунги кунга қадар дунёнинг 90 та мамлакатида 850 миллиондан ортиқ рақамли аккаунт рўйхатга олинган бўлиб, улар орқали ҳар куни 1,3 миллиард долларлик транзакциялар амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда АКТ соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шундай қилиб, 2019-2021 йилларда симли Интернет орқали ахборот узатиш тезлиги деярли икки баравар ошди (40 мегабит/сониягача) ва аҳолининг 70 фоиздан ортиғи интернетдан фойдаланувчиларга айланди.

АКТнинг Ўзбекистонда аҳоли реал даромадлари ўсишига таъсирини таҳлил қилиш учун ПМТИ мутахассислари томонидан Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг 2015-2020 йиллардаги (84 та кузатув) ҳудудлар бўйича (12 та вилоят, Қорақалпоғистон ва Тошкент шаҳри) статистик маълумотларига асосланган эконометрик моделлардан фойдаланилди.

Эконометрик моделларни тузиш учун ҳудудлар бўйича робаст хатолар ва кластерлаштириш (LSDV), шунингдек,  Driscroll-Creyning robast хатолари (DKSE) ҳисобга олинган ҳолда панел маълумотларини таҳлил қилиш усуллари қўлланилди. Ушбу моделлар ўзаро (минтақавий) ва вақт оралиғидаги боғлиқлик мавжуд бўлганда энг самарали ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, ушбу моделлар ўзгарувчилар ўртасида ҳудуддан-ҳудудга ва олдинги қийматларга (ўтган йиллар натижаларининг ҳозирги кунга таъсири) боғлиқлик мавжуд бўлган тақдирда, энг аниқ натижаларни олиш имконини беради.

Боғлиқ ўзгарувчи сифатида «аҳолининг реал даромадлари» кўрсаткичи ишлатилган. Боғлиқ ўзгарувчига таъсир қилувчи омиллар аниқланди:

  1. Оптик толали алоқа линияларининг узунлиги, минг км (VOLC);
  2. Асосий уяли алоқа стансиялари сони, минг бирлик (Mobstat);
  3. Интернетга уланган абонентлар сони, 100 кишига (Users);
  4. Хўжалик юритувчи субектлар сони, логарифм (lnBusiness);
  5. Вақт билан боғлиқ даврийлик таъсирини аниқлайдиган кўрсаткич (Time dummy).

Жадвалдан кўриниб турибдики, LSDV ва DKSE усулларидан фойдаланган ҳолда моделлаштириш натижаларидан ҳар бир омил учун бир хил коеффициентлар олинган. Шу билан бирга, моделлар омилларнинг аҳамиятлилик даражасида фарқланади. Масалан, LSDV моделида «Оптик толали алоқа линияларининг узунлиги» омилининг аҳамияти 1 фоиз, DKSE моделида эса 10 фоиз даражасида аниқланади.

Шундай қилиб, оптик толали алоқа линиялари узунлигининг 100 километрга ортиши аҳоли реал даромадларининг 1,43 фоизга ўсишида ёрдам беради. Интернетдан фойдаланувчилар сонининг 1 фоиз пунктига кўпайиши эса аҳоли реал даромадларининг 0,9 фоизга ошишига олиб келади. 

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, асосий уяли алоқа стансиялари сони иккала моделда ҳам 47 фоиз аҳамиятга эга: LSDV ва DKSE. Буни ушбу стансиялар орқали тақдим этилаётган мобил интернетнинг тезлиги оптик толали интернетникига нисбатан пастлиги билан изоҳлаш мумкин. Шунингдек, мамлакатда асосий уяли алоқа стансияларининг тарқалиши оптик толали алоқа линияларига қараганда анча юқори. Бунинг натижасида уларнинг таъсири камроқ сезилади.

Шундай қилиб, ахборот-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш аҳолининг реал даромадларини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Келгуси йилларга АКТни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режасини таҳлил қилганда мазкур омилнинг аҳамияти ортиши аҳоли билимининг кеҳгайиши, рақамли хизматлар, шу жумладан молиявий хизматлардан фойдаланиш қамровининг, умуман олганда, аҳоли даромадларининг ортишига олиб келишини таъкидлаш лозим.

Шу тариқа, яқин йилларда рақамли инфратузилмани ривожлантириш учун тахминан 2,5 миллиард долларга яқин маблағни жалб этиш режалаштирилмоқда. Тошкент, Бухоро ва Қўқон каби шаҳарларда учта йирик янги дата-марказларни ишга тушириш, шунингдек, стационар телекоммуникация тармоғини янада кенгайтириш ва мобил алоқа тармоғини модернизация қилиш режалаштирилган. Натижада хонадонлар ҳар бир аҳоли пунктида камида 10 Мбит/с тезликда интернетдан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

О.Назаров — ПМТИ катта илмий ходими